Япония Ўзбекистонга 3,8 миллиард долларлик кредит ажратади

Ўзбекистон ва Япония умумий қиймати 3,8 миллиард долларга тенг бир нечта кредит шартномасини имзолади. Ушбу маблағлар Ўзбекистон инфратузилмасини қуриш ва модернизация қилишга йўналтирилади.

Ушбу битимлар яқинда бўлиб ўтган Япония — Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик қўмитаси мажлиси якунларига кўра имзоланган.

Маблағнинг бир қисми Аму-Бухоро ирригация тизимини модернизация қилишга, “Мароқанд — Навоий — Бухоро” темир йўлини электрлаштиришга, шунингдек, республика ҳудудини 100 фоиз рақамли телевидение билан қамраб олишга йўналтирилади.

Япония Ўзбекистоннинг йирик инвесторларидан бири бўлиб, Кунчиқар мамлакат Ўзбекистон иқтисодиётига жами 2,3 миллиард доллар миқдорида молиявий маблағ киритган. Хусусан, ҳукумат кредит линиялари орқали 700 миллион доллар ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов Япония Бош вазири Шинзо Абэ билан учрашиб, унга Президент мактубини етказган эди.

Шуни қайд этиш керакки, ўтган йилнинг 10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳасини биргаликда молиялаштириш тўғрисида заём битими имзоланди.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини ривожлантириш ва электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган узоқ муддатли дастурнинг таркибий қисми бўлиб, унда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ҳар бири 450 МВт қувватга эга иккита буғ-газ қурилмадан иборат умумий қуввати 900 МВт бўлган янги буғ-газ электр станциясини барпо этиш кўзда тутилган.

Тўрақўрғон ИЭС қурилиши лойиҳаси доирасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) 71,8 миллиард япон иенаси миқдорида узоқ муддатли имтиёзли кредит тақдим этмоқда. Бу 704 миллион АҚШ долларига тенгдир. Кредит йиллик 0,3 фоиз ставкаси билан 40 йилга, шу жумладан, 10 йиллик имтиёзли муддатга берилмоқда.

SHARE