Барак Обама 2016 йил учун қарийб 4 триллион долларлик бюджет лойиҳасини тақдим қилди

АҚШ президенти Барак Обама душанба куни мамлакат парламентига 2016 йил учун 3,99 триллион долларлик бюджет лойиҳасини тақдим қилди. Экспертларнинг фикрича, бюджет лойиҳасида бир қатор қоидалар республикачилар партияси билан кескин баҳс-мунозарага сабаб бўлиши мумкин.

Бюджет лойиҳасига кўра, 2016 йилда мамлакат бюджетида 474 миллиард доллар ёки ялпи ички маҳсулотнинг 2,5 фоизи миқдорида дефицит кўзда тутилмоқда. Бюджет кучга кириши учун конгресс розилик бериши керак бўлади.

Барак Обама ўрта синф ва иқтисодий ўсишга мўлжалланган аниқ иқтисодий концепцияни ишлаб чиқиш орқали республикачилар билан сермаҳсул суҳбат олиб боришга ва йил давомида муайян ижобий ютуқларга эришишга умид билдирган.

Республикачилар, ўз навбатида, солиқ ва инфратузилма ислоҳоти борасида ўзаро муросага боришлари мумкинлигини қайд этиб, айримларини қабул қила олмасликларни қайд этишмоқда.

Бюджет лойиҳасига кўра, Американинг хорижий мамлакатлардаги компаниялари томонидан ишлаб топилган 2,1 триллион долларлик даромади бир марталик 14 фоизлик солиққа тортилади, истиқболда бундай даромадлар учун 19 фоизлик солиқ ставкаси амал қилади.

Янги бюджет лойиҳасида миллий хавфсизлик ва ҳарбий харажатлар 7 фоизга оширилади.