Ўзбекистон фуқароларнинг шахсий маълумотлари тўғрисида қонун қабул қилади

Ўзбекистонда “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази хабар тарқатди.

“Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда”, дейилади марказ хабарида.
Марказ маълумотларига кўра, қонуннинг мақсади шахсий маълумотларини йиғиш, ишлаш ҳамда сақлаш жараёнида инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги муносабатларни тартибга солишга қаратилади.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, жисмоний шахсларга тааллуқли шахсий маълумотлар махфий ахборот тоифасига киради.

Жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотни, худди шунингдек шахсий ҳаётига тааллуқли сирини, ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, почта, телеграф ва бошқа мулоқот сирларини бузувчи ахборотни тўплашга, сақлашга, қайта ишлашга, тарқатишга ва ундан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

SHARE