Путин нефть нархини деб Башар Ассаддан воз кечадими?

Саудия Арабистони Россия президенти Владимир Путинга Башар Ассадни қўллаб-қувватламаслиги учун босим ўтказмоқда. Бу ҳақда The New York Times газетаси Оқ уй ва Саудия ҳукуматидаги манбаларига таяниб хабар тарқатди.

Материалда қайд этилишича, нефть нархининг кескин тушиб кетиши сабабли Россия иқтисодиёти қийинчиликка дуч келаётгани Саудиянинг мана шундай қарорга келишига туртки берган бўлса ажаб эмас.

Маълум бўлишича, Россия ва Саудия Арабистони вакиллари сўнгги бир неча ой давомида ўзаро музокаралар олиб борган. АҚШ ва Саудия расмийларига кўра, бу ҳали қандайдир натижа бергани йўқ. Саудия нефть ва Сурия инқирозини қандай боғлагани ҳақида аниқ ахборотлар мавжуд эмас. Аммо Саудия тарафи АҚШга, агар нефть қазиб олишни қисқартириш ва нархини ошириш таклиф қилинса, Путинга таъсир кўрсатиш имконияти пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган.

Аммо таҳлилчилар ушбу учрашувлар нима билан тугагани ва нечоғли жиддий экани ҳақида хулосага эга эмас. Чунки саудлар нефть нархи ушбу мамлакатга боғлиқ эмаслиги, балки талаб ва таклиф асосида шаклланишини таъкидлаб келишади.

Шундай бўлса-да, ноябрь ойида Москвага ташриф буюрган Саудия делегацияси музокараларда Сурия масаласини асосий мавзуга олиб чиққан. Яна бир муҳим жиҳат, яқинда вафот этган Саудия подшоҳи Абдуллоҳнинг бу музокаралардаги ўрни номаълумлигича қолмоқда.

Саудия Арабистони ҳам нефтнинг бу даражада арзон бўлишидан фойда кўрадиган мамлакат эмас. Газетанинг қайд этишича, мамлакат ўз бюджети харажатларини, хусусан, инфратузилма лойиҳаларини тўлақонли амалга ошириши учун нефть нархи ҳар бир баррелига камида 100 долларни ташкил қилиши керак бўлади. Нефтнинг жорий 55 долларлик баҳоси натижасида Саудия бюджети 39 миллиард долларлик камомад билан чиқади. Шундай бўлса-да, Саудия риск юқори бўлмаган активларга 733 миллиард долларни депозит сифатида йўналтирган. Шунинг учун ҳам нефть нархининг кескин тушиб кетишидан жиддий жарбланмайди.

Айни пайтда музокаралар олиб борилаётганда, нефть нархи бу даражада арзон эмасди. Бундан ташқари, АҚШ ушбу ғояни қўллаб-қувватлаши ёки маъқулламаслиги ҳам номаълум.

Шу билан бирга, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров саудияликлар билан учрашувдан сўнг нефть нархининг шаклланишида сиёсатчилар ҳеч қандай роль ўйнамаслиги кераклигини қайд этди.

Умуман, сўнгги йилларда Владимир Путин олиб борилаётган ташқи сиёсат таҳлил қилинадиган бўлса, у иқтисодий қийинчиликка дуч келиб бўлса-да, ўз сиёсий мақсадларига эришишни ўз мақсад қилиб қўядиган сиёсатчилардан биридир.