Минаввара АБДУЛЛАЕВА: “Актёрлар маҳоратини увол қилишга мажбур бўляпти”

“Қўлига қалам ушлаган драматург бўлиб қолавермайди”

Театрда намойиш этилаётган спектакллар ҳақида сўз кетганда бироз оғринаман. Боиси тан олиб, очиқ айтиш керак драматургия ҳавас қиларли даражада эмас. Ахир театрнинг тақдири бу — драматургия! Президентимиз бот-бот замонамиз қаҳрамонини саҳанада гавдалантириш кераклиги ҳақида гапирганлар. Минг афсуски, ҳали бу талабга жавоб берадиган асарнинг ўзи саҳналаштирилгани йўқ. Шахсан ўзимга жуда кўп пьеса олиб келишади, ўқиганимда юрагим “жиз” этадиган биттагина жиҳати бўлса ҳам ўша драматургга ёрдам бериб, бирга ишлайман. Бироқ кўпчилик драматургларимиз аслида пьеса нималиги, унинг ёзилиши — воқелар қанақа бошланиб, қандай давом этиши ва якунланиши ҳақида тасаввурга эга эмас. Қўлига қалам ушлаган драматург бўлиб қолавермайди, бу соҳанинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор. Яқинда бир драматург “Опа, шу пьесамни кўриб берсангиз”, деб ташлаб кетди. Уни ўқиганимдан кейинги ҳолатимни тасаввур қилиб беролмайман. Чунки муаллиф ўз “асари”ни Гоголнинг “Ревизор” пьесасидан шундоққина кўчирган-қўйган. Биргина фарқи воқеалар қишлоқда бўлиб ўтади, қаҳрамонлар исми ўзбекча. Ўша драматургга қўнғироқ қилиб, нима иш қилганини айтсам, “нима у ревизор?” деса бўладими? Ўзини гўликка солмаётганини билиш мақсадида текшириб кўриб, Гоголнинг кимлиги-ю, унинг “Ревизор” номли асари борлигини билмаслигини аниқладим. Мана “драматург”…

“Нуроний отахонлар дардини очди…”

Пьесада муаллифнинг ғояси бўлиши шарт! Шундагина режиссёр драматургнинг ғоясидан келиб чиқиб, ўзиникини қўшиб томошабинга юқори савиядаги спектаклни тақдим эта олади. Фикрларим билан ҳамма драматургларни йўққа чиқаришдан йироқман.

Бир куни драматург Эркин Хушвақтовни “Опа, мана шу монологни кўриб беринг, Мадина Мухторовага атаб ёзгандим”, деб қолди. Ўқиганимда жудаям ёққанидан Эркинга монологини томошабинбоп пьеса қилиш мумкинлигини айтганимда ишонқирамаганди. Эркин Ҳушвақтов образларни кўра билади, ёзиш услуби кўнгилдагидек. Биргаликда ҳар бир саҳна кетма-кетлигини туздик, Эркин диалог ёзди. Натижада ҳалигача саҳнадан тушмай келаётган “Андишали келинчак” спектакли яралди. Мазкур асарда ўзбек келининг ҳаёти, дарди ёритилгани учун ҳам томошабин тўққиз йилдан буён завқ билан кўрмоқда. Комедия бўлгани билан замирида жиддий муаммолар олиб чиқилган. Чунки ўзбек томошабини саҳнада ўзини кўриб, “менинг шароитимдан ҳам оғирроқ ахволда бўлганлар бор экан-ку”, деган маънода таскин олгиси келади.

Шахсан ўзим шунинг учун миллий асарларни саҳналаштираман. Талабга жавоб берадиган таржима асарлар ҳам кўп. Лекин улар реал ҳаётимиздан узоқроқ бўлгани боис томошабин бундай спектаклларга кам боради.

Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди, “Андишали келинчак” спектакли тугаб, томошабинлар зални тарк этгач, парда очиб қўйилди. Лекин олтита нуроний отахон зални тарк этмай, мени пойлаб туришган экан. Ҳадик билан “асар ёқмадими?” десам, “Жуда ёқди, лекин бир илтимосимиз бор. Негадир оиласи учун тиним билмай кўчада пул топиб юрган эркаклар қариганида фарзандлар томонидан оначалик қадрланмайди. Шу ҳақда ҳам спектакль саҳналаштирсангиз”, дея фикр беришди.

Ишонсангиз, анчагина драматургдан шу ҳақда пьеса ёзиб беришларини сўрадим. Лекин кўнгилдагидек асар чиқмаяпти. 2014 йили бирорта спектакл саҳналаштирмадим, чунки саҳнага олиб чиқадиган асарнинг ўзи йўқ. Балки менга таклиф қилишаётган пьесалар талаб даражасидамасдир, яна ким билсин… Лекин Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида Шароф Бошбековнинг “Эски шаҳар Гаврошлари” асарини номини ўзгартириб, “Эски шаҳар болалари” номи билан болалар дарди ёритилган диплом спектакли саҳналаштирдим. Мактаб, коллежларда ижро қилдик, жуда илиқ фикрлар билдириди. Насиб этса, мазкур асарни Ўзбек Миллий академик драма театрига ҳам олиб чиқиш ниятидамиз.

“Драматургларимизга хоҳиш етишмаяпти”

67de59a64387f961a0f16bd6b5fa9991
Минаввара Абдуллаева

Театрларимиз репертуарларининг саёзлиги — ҳеч қаерини ўзгартирмай, саҳнага олиб чиқадиган пьесанинг ўзи йўқлигидан. Қачонги драматургларимиз олға қадам босса, репертуарлар бойийди.

Драматургларимизга хоҳиш етишмаяпти. Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида маҳорат мактаби ташкил қилганимизда негадир келишни исташмади. Кечирасиз-у, иккита пьеса ёзган билан драматург бўлиб қолмайди.

Драматурглар орасида Рихсивой Муҳаммаджоновни жуда ҳурмат қиламан. Бу ижодкорнинг даражасига етиш учун таклифим, қалами бор драматурглар маҳорат мактабимизда дарс олишса фойдадан ҳоли бўлмасди.

“Актёрлар маҳоратини увол қилишга мажбур бўляпти”

Мазмунан саёз спектаклларда роль ижро этаётган профессионал актёрлар маҳорати увол қилишга мажбур бўлиб қоляпти. Чунки тўйга чиқмайдиган актёрлар саҳнада ижод қилмаса, тушкунликка тушиб қолади. Ўша спектаклга бор кучини бериб, уни саёзлик “ботқоғи”дан олиб чиқишга уринишяпти. Танганинг иккинчи томонига қарасак, профессионал актёрлар даражасида бўлмаган асарлар актёрни ўтмас пичоққа айлантириб қўйиши ҳам бор гап.

“Кўр-кўрона танқид қилманг!”

Ўзбек Миллий академик драма театри очилганидан буён ҳали янги спектакль қўйилмади. Эски репертуаридаги “Ўзбекча рақс”ни эътироф этиш мумкин. Бу спектаклга юзаки баҳо бериб танқид қилиш ҳам мумкин, лекин чуқурроқ ёндошилса фидойилик, муҳаббат, одамийлик, аёлларнинг сабри жуда чиройли талқинда ёритилганига гувоҳ бўласиз. Шу сабаб ҳам томошабин бу спектаклни севиб томоша қилади.

“Қайноналарни тарбиялайди”

Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театрининг “Жайдари келин”и билан фахрланса бўлади. Бунда қўпол келинни юмшоқлик билан тарбиялай оладиган устамон қайноналар ўрнак қилиб кўрсатилган. Йўқса, “ўғлимга ёқмади, бошқа қизга уйлантираман”, дейдиганлар йўқ, дейсизми? Мазкур спектакль шундай қайноналарни ўзи билмаган ҳолда тарбиялаб қўяди.

“Наби Абдураҳмонов томошабин дидини фарқлай олади”

Рус театрларини яхши кўраман, боиси уларнинг репертуарлари жуда бой. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлари театридаги спектаклларни тилга олиш мумкин. Чунки Наби Абдураҳмонов томошабиннинг дидини жуда яхши билади, шу боис ҳам содиқ мухлислари ҳар бир асарини қолдирмай кўришади. Истагим, ҳар бир театр репертуари мазмунан бой, “юк”и бор асарларга эга бўлиши ва ўз томошабинларини йиға олишига тилакдошман.

darakchi.uz сайтидан олинди