Меркель ва Олланд Путинга янги таклиф билан келади

Франция президенти Франсуа Олланд ва Германия канцлери Ангела Меркель шу йилнинг 6 февраль куни Россияга Владимир Путин билан музокаралар олиб бориш учун ташриф буюради. Улар Украина инқирозини тинч йўл билан ҳал қилиш чораларини муҳокама қилишади.

Россия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Меркель ва Олланд Украина инқирозига барҳам бериш учун яна бир карра уриниб кўришади. Франсуа Олланднинг қайд этишича, улар Владимир Путинга Украинанинг ҳудудий яхлитлигига асосланган янги таклифни илгари суришади. Ҳозирча бу таклиф нимадан иборат эканлиги номаълум.

Германия канцлери расмий сайтида қайд этилишича, Меркель ва Олланд 5 февраль куни Украина раҳбари Пётр Порошенко билан учрашади. Эртасига Владимир Путин билан мулоқот олиб боришади.

Германия ҳукумати вакили Штеффан Зайтбертнинг қайд этишича, сўнгги кунларда сиёсий кескинлик янада чуқурлашгани сабабли Меркель ва Олланд можарога тинч йўл билан ечим топиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиради. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам учтомонлама учрашув бўлиб ўтишини тасдиқлади.

5 февраль куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳам Киевга музокаралар учун ташриф буюрди.