Ўзбекистонда яна бир вазирлик ташкил қилинди

Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкил қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг фармони эълон қилинди.

Президент фармонида келтирилишича, мазкур қарорга “давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларида замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини, “электрон ҳукумат” тизими ҳамда ахборот тизимларини жадал татбиқ этиш, телекоммуникация инфратузилмасини ва маълумотларни узатиш тармоқларини модернизация қилиш мақсадида” келинган.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг барча мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Янги вазирлик ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида, “электрон ҳукумат”ни жорий этишда ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, Интернет тармоғига кенг полосали уланишни кенгайтириш, “электрон ҳукумат”ни татбиқ этиш, вазирликлар, идоралар, компаниялар ва уюшмаларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборотлаштириш ва интерактив давлат хизматларини такомиллаштириш борасидаги фаолиятини идоралараро мувофиқлаштириш, мониторинг қилиш, баҳолаш ва назорат қилиш бўйича давлат дастурларининг амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, давлат ахборот ресурслари ҳамда маълумот базаларини шакллантириш, сақлаш ва фойдаланишнинг ягона тизимини вужудга келтириш, идоралараро ахборот тизимларини яратиш ва бошқариш каби вазифаларни бажаради.

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси 2012 йил 16 октябрида Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги негизида ташкил этилган эди. Агентлик эса, ўз навбатида, 2002 йили Почта ва телекоммуникациялар агентлиги негизида, ушбу агентлик эса 1997 йили Алоқа вазирлиги негизида ташкил этилган эди. Алоқа вазирлигининг ўзи 1992 йилда ташкил этилган.