Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони кейинги 15 йилда 4 миллион кўпаяди

Ўзбекистоннинг меҳнатга лаёқатли аҳолиси сони 2030 йилга бориб 20 фоизга ошиб, қарийб 22 миллион кишига етади. Бу ҳақда Жаҳон банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан тайёрланган маърузада маълум қилинган.

“Иқтисодий фаол аҳоли улуши ўсишининг суръати ҳозирги кўрсаткичда сақланиб қолинадиган бўлса, 2030 йилга бориб Ўзбекистон меҳнат кучига яна 3,9 миллион киши қўшилади”, — дейилади маърузада.

Расмий давлат статистика маълумотларига кўра, мамлакат аҳолисининг (31 миллион) қарийб 18 миллиони меҳнатга лаёқатли аҳолидир. Бундай аҳоли кўрсаткичи 2014 йилда 0,94 фоизга ўсди. Бу ўтиш даври иқтисодиётига эга Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида иш кучи кўплиги бўйича бешинчи мамлакат (Россия, Туркия, Украина ва Польшадан сўнг) бўлишига имкон беради.

Маърузада, шунингдек, сўров ўтказилган расмий сектордаги корхоналарнинг 75 фоизи мамлакатда юқори малакали мутахассисларни ёллашда муаммолар борлигини қайд этишган. Айни пайтда мамлакатда шакллантирилган таълим тизими меҳнат бозори эҳтиёжларига етарли даражада жавоб бермайди.

Ўзбекистоннинг меҳнат лаёқатли аҳолисининг бир қисми хорижий мамлакатларда ҳам ишлайди. Хусусан, Россиянинг ўзида 2,2 миллион атрофида ўзбекистонлик меҳнат мигранти борлиги қайд этилади.

SHARE