Ўзбекистонлик олим Франциянинг юксак мукофотига сазовор бўлди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти директори, физика-математика фанлари доктори, профессор Эгамбердиев Шухрат Франция Республикасининг фахрий академик пальма орденини олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академиясига асосланиб, sharh.uz хабар бермоқда.

Академик Пальма ордени нишондори унвони берилгани ҳақидаги фармонга Франция бош вазири 2015 йилнинг 1 январида имзо чеккан. Олим ушбу унвонга Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ўртасидаги астрономия ва астрофизика соҳасида илмий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси туфайли сазовор бўлди.

Хабарда айтилишича, профессор 1987 йилда қароргоҳи Францияда жойлашган IRIS (International Research on the Interior of the Sun) халқаро дастури доирасида Ўзбекистонда Қуёшнинг глобал акустик тебранишларини тадқиқ этиш бўйича янги илмий йўналишга асос солди. IRIS лойиҳаси ва унинг бутун дунё бўйлаб жойлашган олтита тармоғи Қуёшнинг кўп йиллик ва узлуксиз вақт оралиғида глобал тебранишини олиш учун мўлжалланган.

Салкам 20 йил мабойнида Ш. Эгамбердиев IRIS лойиҳасининг фаол аъзоси ва маълумотларни қайта ишлаш, калибровка ва таҳлил гуруҳининг раиси бўлди. Ўзининг юксак касбий маҳорати ва раҳбарлик қобилияти туфайли профессор илмий гуруҳи билан бирга йирик муваффақиятларга эришди ва Ўзбекистоннинг Кумбел тоғидаги IRIS станциясидаги олтита тармоқ ичида энг кўп кузатиш ўтказди ва бутун давр ичида IRIS лойиҳасининг маълумотлар базаси учун 40% га яқин материални тақдим этди.

Профессор Ш. Эгамбердиев жаҳон астрономик илмий жамоатчилик ўртасида катта нуфуз ва ҳурматга эга. У Халқаро астрономия жамияти, Европа—Осиё астрономик жамият аъзоси. У 2002—2003 йилларда 28 мамлакат аъзо бўлган Осиё фанлар академияси Бирлашмасининг бош котиби этиб сайланган.

Профессор Ш. Эгамбердиев ҳозирда ҳам Франциянинг етакчи астроном ва астрофизиклари билан дўстона илмий муносабатларни сақлаб келмоқда, бу мамлакат фани, маданияти олдидаги юксак хизматларни ҳисобга олган ҳолда Франция ҳукумати юқорида тилга олинган орден билан тақдирлади.

Академик пальма ордени 1808 йилнинг 19 мартида император Наполеон I Бонапарт П томонидан таъсис этилган. Академик пальма ордени Франциянинг таълим ва фан соҳасида хизматлари учун бериладиган энг юксак нишонлардан бири ҳисобланади, унинг иккинчи номи, фахрий легион орденига ўхшаш, «Алвон ранг легион», деб аталади.

Ҳозирги вақтда Академик пальма ордени билан Франциянинг халқ таълимини ривожланишига ҳисса қўшган ўқитувчилари ва ўқитувчилар жамияти аъзолари, шунингдек, Франция билан фан ва маданият соҳасида ҳамкорлик қилган чет эллик кишилар ҳам тақдирланиши мумкин.
Профессор Ш. Эгамбердиевнинг академик пальма ордени ва дипломи билан тақдирланиш маросими Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасида 2015 йилнинг 6 февраль куни бўлиб ўтади.

SHARE