ЎзЛиДеП Ўзбекистон Президентлигига Ислом Каримов номзодини кўрсатди

Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VII съезди бўлиб ўтди. Съездда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоди тўғрисидаги масала атрофлича кўриб чиқилди.

Хабарларда айтилишича, съездда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ўзи ҳам иштирок этиб, сўзга чиққан.
Делегатлар Ислом Каримовни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида тасдиқлаган.

ЎзЛиДеП Ўзбекистон Президенти сайловида иштирок этадиган номзодни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Президент сайлови шу йилнинг 29 март куни бўлиб ўтади. Сайловда Ислом Каримов билан бир қаторда, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Акмал Саидов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Умаров иштирок этади.