Ўзбекистон мусулмонлари иорданиялик ҳарбий ёқиб юборилганини қоралади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси дин номи билан амалга оширилган ҳар қандай террор ҳаракатини қоралайди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар тарқатди.

Иордания мамлакат ҳарбий ҳаво кучлари ўзининг учувчиси Муаз Сафий ал-Касасбахни “Ироқ ва шом давлати” (ИШИД) жангари террорчилари тириклайин ёқиб ўлдиришганини тасдиқлади. Илгарироқ террорчилар бу ғайриинсоний мудҳиш жиноятларини видеотасмага олиб Интернет саҳифаларида намойиш қилишган эди.

“Бу мудҳиш қатл Ислом динига алоқаси бўлмаган жинояткорона гуруҳ томонидан қўрқоқларча амалга оширилган террордир”, — деди Иордания подшоҳи Абдулла II. Бу террорчилик ҳаракатига жавобан Иордания ҳукумати қамоқхоналарда сақланаётган олти нафар террорчини қатл қилди.

Иордания Ҳарбий ҳаво кучлари учувчиси Муаз Сафий ал-Касасбах 26 ёшда эди. Унинг насаби Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом авлодларига тақалади, у олти ой олдин уйланган эди.
Учувчи Муаз 2014 йил декабрининг охирида қирувчи самолётида Суриянинг Раққа шаҳри устида ҳалокатга учраб, террорчилар томонидан асирга олинган эди.

Ғайриинсоний услуб билан амалга оширилган бу ваҳшийликни жаҳон жамоатчилиги қораламоқда.

“Бу мудҳиш жиноят ўзини “Ислом давлати” деб эълон қилган ИШИДнинг террорчи, ғайриинсоний тўда эканлигини яна бир марта кўрсатди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси дин номи билан амалга оширилган ҳар қандай террор ҳаракатини қоралайди”, дейилади матбуот хизмати материалида.