Ўзбек тилида грантлар сайти ишга тушди

Хорижда таҳсил олишни истовчи ўзбекистонлик ёшларга ёрдам бериш мақсадида ўзбек тилида “Grantlar.uz” номли янги сайт ишга тушди. Сайтда ёзилишича, ушбу лойиҳа талабаларга бутун дунё бўйлаб турли мамлакатларда таълим олиш учун грантлар топишда ёрдам беради.

Унда, грантлардан ташқари, хориждаги илмий конференциялар, танловлар, курслар, иш, амалиёт ва волонтёрлик ўринлари ҳақида маълумот берилади; шунингдек, хориждан ўқиш топиш, ҳужжатларни тайёрлаш ва топшириш, грантлар топиш ва уларга ҳужжат топшириш ҳамда танлов босқичларидан муваффақиятли ўтиш сир-синоатлари ҳақида маслаҳат бериш каби хизматлар ҳам тақдим этилади.

Сайтга аллақачон бакалавр, магистратура ва докторантура ҳамда бошқа йўналиш ва даражадаги ўқишлар учун кўплаб грантлар қўйилган. Конференциялар, иш, амалиёт ва блог саҳифаларидан ҳам бир қатор мақолалар ўрин олганини кўриш мумкин.

Лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, ундаги маълумотларнинг барчаси ўзбек тилида бўлиб, мақолалар сўнгида инглиз ёки бошқа чет тилидаги асл манбага – грантларни эълон қилган сайтларга ҳаволалар берилган. Ушбу ҳаволалар орқали кириб, ўқувчилар қўйилган грантлар ва уларга ҳужжат топшириш тартиби ҳақида батафсил маълумот олишлари мумкин.

Сайт “Facebook” ижтимоий тармоғида ҳам ўз саҳифасига эга: https://www.facebook.com/grantlar.uz

Тармоқ фойдаланувчиларига “Grantlar.uz”нинг “Facebook”даги саҳифасига мухлислик қилишни тавсия қиламиз. Чунки сайтга қўйилган ҳар бир янги грант “Facebook”даги саҳифага ҳам қўйиб борилади.

Янги грантлар ҳақидаги эълонларни бевосита э-почта орқали олишни хоҳловчилар сайтнинг “Обуна” (http://grantlar.uz/obuna) хизматидан фойдаланишлари мумкин. Бу ердаги саҳифага электрон почта манзилингизни киритсангиз, ҳар ҳафта сайтга қўйилган янги грантлар ҳақида э-почта орқали хабарнома олиб турасиз.

Сайт ҳақидаги таклиф-мулоҳазаларингиз ёки грантлар бўйича саволларингиз бўлса, уларни “Алоқа” саҳифасидан сайт ходимларига йўллашингиз мумкин.

SHARE