GM Uzbekistan 2014 йилда 245 минг енгил автомобиль ишлаб чиқарди

Ўзбекистонда 2014 йилда 245 мингдан ортиқ енгил автомобиль ишлаб чиқарилди.

Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, “Ўзавтосаноат” компанияси тизимидаги корхоналар томонидан 2014 йилда 8,9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бунда ўсиш суръати 2013 йилга нисбатан 11,1 фоизни ташкил этди.

Хусусан, 2014 йилда 245,7 мингта енгил автомобиль, 3,8 мингта ISUZU автобуслари ва юк машиналари, 1,2 мингта MAN юк машиналари, 133,7 мингта двигатель ишлаб чиқарилган.

Ўзбекистон 2014 йилда 55 мингта енгил автомобилни экспортга жўнатди.
Қайд этишларича, ушбу автомобиллар учун эҳтиёт қисмларни “Ўзавтосаноат” тизимидаги 16та корхона экспортга жўнатган.

“Ўзбекистон машинасозлик маҳсулотлари энг кўп талаб Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Украина, Беларусь, шунингдек, Индонезия, Бразилия, Туркия ва Жанубий Корея бозорларида бўлмоқда”, – дейилади компания хабарида.

Айни вақтда, санаб ўтилган ушбу мамлакатларнинг айнан қайсиларига енгил автомобиллар, қолганларига эса фақат эҳтиёт қисмлар экспорт қилинаётганига аниқлик киритилмаган.

SHARE