Қозоғистонлик эксперт: Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши мамлакат иқтисодиётига наф келтирмайди

Қозоғистонлик эксперт Рустам Бурнашевнинг айтишича, агар Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшиладиган бўлса, Қозоғистон билан рақобат қила олмайди.

Экспертнинг фикрича, Ўзбекистондаги вазият айрим оммавий ахборот воситаларида қайд этилганидан кўра бирмунча барқарор бўлиб, Ўзбекистонда давлат ҳокимияти институционаллашган ҳамда ҳуқуқий база асосида фаолият юритади. Унинг қайд этишича, бу ҳолат айрим қўшни мамлакатларда умуман кузатилмайди.

Қозоғистон иқтисодиётнинг молиявий секторида бирмунча бақувват эканлиги, Ўзбекистон иқтисодиёти эса асосан саноатга суянишини маълум қилди. Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига киришидан мамлакат иқтисодиёти яқин истиқболда наф кўрмайди. Ягона иқтисодий маконда ўзбекистонлик тадбиркорлар қозоғистонлик тадбиркорлар билан рақобатга кириша олмайди.

Ўзбекистон иқтисодий анча биқиқ бўлиб, бу унинг кучли тарафи ҳамдир. Масалан, дейди эксперт, глобал инқироз тенденциялари Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига қараганда Ўзбекистонга кам таъсир кўрсатади. Бунда мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ўсиш суръатлари очиқ бўлмаса-да, ўзининг барқарорлиги билан ажралиб туради.