Тошкентдаги таълим муассасаларига “совуқ қуроллар” билан кириш тақиқланди

Тошкент шаҳридаги ёшлар, айниқса, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг ҳамда жиноятчиликнинг олди олиниши бўйича барча профилактика тадбирлар амалга ошириб келинаётганига қарамасдан ушбу чоралар етарли самара бермаяпти.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими қарорида қайд этилган. Қарорда айтилишича, натижада ёшлар, айниқса, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноят содир этиш, улар орасида тарбияси оғир, дарсларга мунтазам равишда қатнашмайдиган болалар иштирокида алоҳида гуруҳ ёки тўдалар ташкил қилиш, ўзлари билан ўткир тиғли ва инсон ҳаётига хавф етказиши мумкин бўлган буюмлар (совуқ қуроллар таркибига кирувчи пичоқ, ханжар, бигиз ва кастет, бита, тўқмоқ), инсон соғлиғига қарши таъсир этувчи кимёвий моддалар (махсус сачратгувчи газ ва бошқалар) ҳамда электр токи ўтказувчи жиҳозлари (махсус электр токи ўтказувчи мослама) ва бошқа шу каби ҳар хил қуролларни ёнларидат олиб юриш ҳолатлари учрамоқда.

Қарорда келтирилган статистик маълумотларга кўра, 2014 йилда содир этилган қотиллик жиноятлари 18,45 фоизга ошган бўлиб, бу жиноятларнинг 19,6 фоизи ёшлар, 2,4 фоизи вояга етмаганлар томонидан содир этилган.

Шу муносабат билан юқорида қайд этилган буюмларни Тошкент шаҳридаги умумтаълим ва ўрта махсус таълим муассасаларига олиб кириш тақиқланди.