Ислом Америка ва америкаликлар учун бегона динми?

Яқинда Fort Worth Stock Show ва Rodeo мусобақасида бир ҳодиса юз берди. Унда мусобақа ташкилотчилари турли дин руҳонийларини чақиришиб, бир минутдан дуо ўқиши сўралади. Улар орасида имом ҳам бор эди. Аммо бир неча кун аввал фотиҳа ўқиб қўйиш сўралиши жиддий реакцияга сабаб бўлганидан сўнг Тарран туманидаги маҳаллий мусулмонлар жамияти вакили Мужоҳид Бахачдан родеога келмасликка қарор қилди. Чунки бу жамоатчиликнинг кескин муҳокамасига, ижтимоий тармоқлар асосий мавзусига айланган эди: “Фақатгина америкаликларники бўлган тадбирда мусулмон диндорининг фотиҳаси!”, “Ковбойларни буни хоҳлашмайди” деган гаплар авж олди.

Шу воқеа муносабати билан The New York Times газетасида таниқли олим, “Ягона худо амридаги миллат: Янги Америка тарихи” китоби муаллифи Питер Мансо ўз муносабатини билдирди. Шунчаки эҳтирос эмас, балки илмий далиллар асосида Исломнинг Америка тарихининг бир қисми эканлиги ҳақида фикр юритилган материални эътиборингизга ҳавола қиламиз.

…Исломга қарши бундай кескин кайфият тобора бўй чўзмоқда. Имом билан юз берган тадбирдан тўрт кун аввал Остиндаги Капитолийда намойишчилар мусулмон маърузачиларга қарата бақириб, Техас фақатгина Исо номи билан боғлиқлигини уқтиришди. Шимолий Каролинада эса икки ҳафта бурун Герцог университетининг мусулмонларни намозга чақиришни ички радио орқали эълон қилиш режаси зўравонлик таҳдидлари сабабли тўхтатилишига олиб келди. Айни пайтда Луизиана штати губернатори, республикачилар партияси вакили Боб Жиндалнинг таъкидлашича, агар америкалик мусулмонлар “ўз маданияти ва қадриятларини ўрнатмоқчи бўлса, бу иммиграция эмас, балки босқинчиликдир”.

Одамлар Ислом ҳақида қанчалик хавотир олишмасин, аксарият қисми христианлар бўлган ушбу мамлакатга мусулмонларнинг бостириб кираётгани ҳақидаги гап-сўзлар умуман асосга эга эмас. Қолаверса, Ислом Америкага қарши деган турли фикрларга шуни айтиш мумкинки, мусулмонлар бу ерда Америка Қўшма Штатлари ташкил этилганидан аввал ҳам бўлишган, келганда ҳам бир неча киши бўлиб эмас, балки минглаб келишган.

Улар бугунги кунда кўп инкор қилинади. Чунки улар эътиқодларига амал қилишда эркин бўлмаган. Улар эркин бўлмагани учун ҳам ўз эътиқодлари ҳақида ҳеч нарса ёзиб қолдирмаган. Улар охирги пайтда ўзини намоён қилаётган Ислом Америкада иммиграция дини эмаслигини, улар чуқур илдизларга эга эканлигини, аммо мамлакат тарихида ўз ўрнини тасдиқлайдиган етарли даражада маълумот қолдирган.

1528 йилда Estevanico деган морокколик қул бир гуруҳ испаниялик тадқиқотчилар билан кемада кетаётганда Техаснинг ҳозирги Галвестон шаҳри ёнида ҳалокатга учрайди. У ўниб-ўсган Аземмур шаҳри мусулмонлар шаҳри бўлиб, Европа томонидан босиб олинишга қарши курашнинг асосий таянч нуқтаси бўлган. Ўсмирлик пайтида европаликлар уни қулга айлантиришиб, христиан исмини беришган бўлса-да, у кейинчалик ўз қулдорларидан қочишга муваффақ бўлади ҳамда жануби-ғарбий ҳудудларнинг катта қисмини кезиб чиқади.

Орадан икки юз йил ўтиб, Луизианадаги плантаторлар мусулмон қулларни ўз меҳнат кучига жалб қила бошлади. Чунки улар нил бўёғи ва гуруч етиштиришда анча катта тажрибага эга эди. Олимлар қулдорларнинг қул инвентарлари ва ўлим қайдларида мусулмонча исмлар ва исломий, яъни диний насаблар учрашини таъкидлашади.

Янги Орлеандаги портдан ушбу мамлакатга қадам қўйган энг машҳур мусулмонлардан бири Абдулраҳмон Иброҳим ибн Сорий бўлиб, у ўз юртида шаҳзода бўлгани учун кўпчиликнинг эътиборига тушади. Ўша пайтдаги газеталарнинг бирида қайд этилишича, у Библияни ўқиб чиқади ва унда ёзилган таълимотдан ҳайратга тушади. Аммо газета қўшимча қилади: “унинг принципиал эътирози шу эдики, христианлар ушбу китобда ёзилганларга амал қилмас экан”.
Шимолий Каролинада қул қилинганлар орасида Умар бин Саид бўлиб, у мударрис бўлган. У 1810 йил қаттиққўл хўжайинидан қочиб кетганидан сўнг тутиб олингач, қулдорни “кофир” деб атайди. У ўзи сақланган зиндон деворларига араб ёзувида битик қолдиргани билан ҳам анча танилган. У ўзининг 1831 йилдаги ҳаёти ҳақида ёзар экан, озодликда Қуръонни ўқишни қанчалик яхши кўришини маълум қилган. Аммо хўжайини уни христианликка чўқинтиради.

Ислом Америка тарихида чекланган доирадаги кишилар билан боғлиқ эмас. Ўша пайтларда қулликка маҳкум қилинган африкаликларнинг 20 фоизи мусулмон бўлиб, уларнинг аксарияти ўзлари билган жойларда мусулмонлар жамоасини яратишга ҳаракат қилишган. Шариат асосида қозилар маҳкамасини чеклаш бўйича ўнлаб штатларда кечган баҳс-мунозараларга қўшилган Жоржиянинг чекка-чекка плантацияларида мусулмонлар ягона диний уламо бошчилигида яшаб, у белгилаб берган диний тартиб-қоидаларига қатъий амал қилишган.

Ушбу унутилган америкалик мусулмонлар ҳаётига нима бўлгани ҳақида жанубга сафар қилган миссионер эсдаликларида ҳам учрайди. Унинг айтишича, кўплаб “мусулмон африкаликлар” Исломни уларга сингдирилган янги эътиқодга мослаштириб олишган. “Худо, уларнинг фикрича, Аллоҳ, Исо Масиҳ эса Муҳаммаддир. Дин айнан битта бўлиб, турли мамлакатларда турлича номга эгадир”.

Миссионер бу ачинарли эканлигини ҳамда мусулмонларнинг асил диний ҳақиқатларни тан олиш қобилиятига эга эмаслигини тасдиқлашини қайд этади. Аслида бу ушбу фикрнинг тескарисини кўрсатади. Улар ўз эътиқоди жуда ҳам муҳимлигини, қаерда бўлмасин, ҳатто бир пайтлар азон чақирилган она ватанидан йироқ бўлган мамлакатда ҳам унга қулоқ солиш кераклигигини яхши англаб етишган.

Ислом бизнинг умумий тарихимизнинг бир қисми. У нафақат қулларнинг эгилган дини, балки 19-асрда кириб келган араб иммигрантларининг ҳамда 20-асрда ўз дини сифатида қайта кашф қилган минглаб афро-америкаликларнинг дини ҳамдир.

Шу нуқтаи назардан родео сингари Ислом ҳам америкаликларникидир. Ушбу дин ҳам бошқа динлар сингари Америкага кириб келган, аммо ҳозир маданиятнинг инкор қилиб бўлмайдиган муҳим қисмига айланган. Техасдами ёки бошқа жойдаги намойишчилар шунга тайёр бўлиши керакки, айрим мусулмонлар ўз болаларининг ковбой сифатида улғайишига ижозат бериши эҳтимолдан йироқ эмас. Айрим ковбойлар эса мусулмонликни қабул қилиши ҳам мумкин.

SHARE