Ўзбекистон 2014 йилда 102 тонна олтин ишлаб чиқарди

United States Geological Survey дастлабки баҳолашларига кўра, 2014 йилда Ўзбекистонда 102 тонна олтин қазиб олинган. Хитой 450 тонна кўрсаткич билан етакчига айланди. Австралиянинг кўрсаткичи – 270 тонна, Россия – 245, АҚШ – 211, Канада – 160, ЖАР ва Перу – 150, Мексика – 92, Гана – 90, Бразилия – 70, Индонезия – 65 ҳамда Папуа-Янги Гвинея – 60 тонна.

Хабарда қайд этилишича, олтин қазиб олишнинг ўсиши асосан Хитой, Россия, Канада, Австралия ва Доминикан Республикасида кузатилди. Пасайиш эса – Перу, Танзания, Жанубий Африка ва АҚШда қайд этилди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2012 йилда 90 тонна олтин ишлаб чиқарган. 2011 йилда бу кўрсаткич 91 тоннани ташкил этган эди.

Ўзбекистонда олтин асосан Навоий ва Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатларида ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон давлат геология қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳозирги кунда 41 та олтин кони очилган бўлиб, уларнинг тўққизтасида олтин ишлаб чиқарилади.

SHARE