Минск—2: “нормандча уйқусизлик” Украинага тинчлик олиб келадими?

Евроосиё минтақасида 11 февралдан 12 февралга ўтар оқшом ижтимоий тармоқлар, ахборот агентликларининг бутун эътибори Беларусь пойтахти Минскка қаратилган эди. Гап шундаки, “Норманд тўртлиги” деб номланган Россия, Украина, Франция ва Германия раҳбарлари қарийб 15 соат давомида ухламасдан Донбасснинг тақдири масаласида музокара олиб борди.

Ёпиқ эшиклар остида ўтган музокаралар жараёнида бир қатор масалада аниқ келишувга эришилди. Хусусан, янги келишув битимига кўра, шу йилнинг 15 фервалидан (Киев вақти билан 00.00) ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилади. Украина ҳукумати бутун ҳарбий ҳаракатлар кетаётган ҳудуддаги давлат чегаралари устидан тўлиқ назоратни ўрнатади. Бу жараён бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловлардан сўнг биринчи кундаёқ бошланиб, 2015 йилнинг охирига бориб кенг миқёсли сиёсий келишувлардан сўнг якунланади.

2015 йилнинг охирига қадар Украина конституциясига тегишли ўзгартишлар киритилиши, бунда ҳудудларга кўпроқ ваколатлар берилиши, шу жумладан, Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим туманларига алоҳида мақом бериш кўзда тутилиши керак. Шу билан бирга, Украина ҳудудидаги барча чет эл ҳарбий қўшинлари олиб чиқиб кетилиши лозим.

Келишувнинг яна бир бандига кўра, томонлар оғир қуролларни ҳарбий тўқнашувлар кечаётган ҳудуддан олиб чиқиб кетилганидан сўнг орадан беш кун ўтиб, “барчани — барчага” принципи асосида ҳарбий асирлар алмашилиши керак.

Украина жануби-шарқида 50 километрдан 70 километргача бўлган масофада хавфсизлик ҳудудини ташкил қилиш масаласи ҳам келишув битимида кўзда тутилган. Ушбу келишув битимига ЕХҲТнинг махсус вакили Хайди Тальявини, Украинанинг иккинчи президенти Леонид Кучма, РФнинг Украинадаги элчиси Михаил Зурабов, ДХР ва ЛХР раҳбарлари Александр Захарченко ҳамда Игорь Плотницкий имзо қўйди.
Музокараларнинг бундай узоқ муддат давом этиши, Путиннинг фикрига кўра, Украина тарафининг айирмачилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишдан бўйин товлагани сабабдир.

Пётр Порошенко, ўз навбатида, музокаралар жуда ҳам кескин руҳда ўтганлигини қайд этиб, асосан Украина тарафига талаблар илгари сурилганини қайд этди.
Шундай бўлса-да, экспертлар ушбу битимнинг амалда рўёбга чиқишига турли фикрларни билдиришмоқда. Айрим экспертларнинг фикрича, аввало, ҳар қандай шароитда ҳам томонларнинг Украинага шарт қўяётгани (ҳатто Германия ва Франция ҳам) ушбу мамлакатнинг катта йўқотишга учрашидан далолатдир.

Иккинчидан, бугун имзоланган тинчлик келишуви ўтган йилнинг сентябрь ойида айнан Минскда имзоланган тинчлик сулҳидан ҳажми ва кўпроқ “ваъда”лари билан ажралиб турса-да, кузатувчилар ва экспертлар унга шубҳа билан қарашда давом этмоқда.
Учинчидан, Минск-2 тинчлик сулҳи кўп жиҳатдан муаммони ҳал қилмасдан, балки уни “музлатиб” қўйишга қаратилган. Яъни кескинлик сақланиб турилса-да, аниқ сиёсий ечимга йиллар давомида келиш мумкин бўлади. Умуман, бу урушни бир-икки йил ичида ҳал қилиш ҳақида фикрлаш ножоиз, албатта.

SHARE