LUKOIL ва Hyundai Engineering Ўзбекистонда газни қайта ишлаш мажмуасини қуради

Тошкент шаҳрида 13 февраль куни LUKOIL компанияси ҳамда Hyundai Engineering (Жанубий Корея) бошчилигидаги пудратчилар консорциуми Қандим газни қайта ишлаш заводини қуриш ва ускуналар етказиб бериш бўйича шартнома имзолади.

Мазкур завод йилига 8,1 миллиард кубометр газ ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, Бухоро вилоятида жойлашган Қандим гуруҳи конларидан олинадиган водород сульфид сақловчи табиий газни қайта ишлаш имкониятини беради.

LUKOIL компанияси матбуот хизматининг хабар беришича, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси мазкур компаниянинг Ўзбекистондаги энг йирик инвестиция лойиҳаси ҳисобланади. Бу лойиҳани амалга ошириш натижасида 2 мингдан зиёдроқ иш ўрни яратилади, бунёд этиладиган инфратузилма иншоотларни қуриш ишларига 10 мингдан кўпроқ ишчилар жалб этилади.

Хабарда айтилишича, лойиҳанинг техник-иқтиқодий асосланиши ва қурилиш учун ишчи ҳужжатларни Hyundai Engineering компанияси ишлаб чиқади. Мазкур битимнинг умумий қиймати ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

SHARE