Жанубий Кореянинг собиқ президенти Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари яхшиланиши ташаббускори бўлганини қайд этди

Жанубий Кореянинг собиқ Президенти Ли Мён Бак Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида муносабатларнинг илиқлашиши (ярашиши) ташаббускори бўлган. Бу ҳақда у ўзининг “Президентлик даври, 2008-2013” деб номланган янги эсдаликларида қайд этган. Эслатиб ўтамиз, Ли Мён Бак айнан ушбу йилларда Жанубий Кореяни бошқарган.

12news.uz сайтининг ёзишича, ВашингтонАфғонистон учун юк жўнатишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин бўлган Ўзбекистоннинг Навоий халқаро аэропорти билан қизиқа бошлайди. Қўшма Штатлар Жанубий Корея раҳбаридан Ўзбекистон Президенти билан ушбу масалада мулоқот қилишни сўрашади.

“Мен Ислом Каримовга ўтмишнинг баъзи ёқимсиз даврлари мавжудлигига қарамасдан, Ўзбекистон хавфсизлиги ва иқтисодиёти учун АҚШ билан алоқаларни қайта тиклаш зарурлигини айтдим. Биз бу ҳақда кўп суҳбатлашдик. Мен Ўзбекистондан кетаётганимда Ислом Каримов қўлимни сиқиб, АҚШ билан ҳамкорлик қилишига ваъда берди. Шундан кейин АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги мураккаб муаммолар ўз ечимини топди. Бироз вақт ўтиб, Ўзбекистонга АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтон ташриф буюрди”, деб ёзади Ли ўз хотираларида.

Бундан ташқари, Жанубий Корея ҳам, Америка ҳам ушбу аэропортдан ўз мақсадларида фаол фойдаланишни бошлайди.

Жанубий Корея Президенти Ли Мён Бак Ўзбекистонга илк марта 2009 йил май ойида, иккинчи марта эса 2011 йил август ойида ташриф буюради. Ислом Каримов ва Ли Мён Бакнинг шахсий муносабатлари унинг Сеул мэрлиги давридан бошланган эди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари бирмунча жонланган бўлиб, 2014 йилда Ўзбекистонга АҚШ ҳукуматининг 60га яқин делегацияси ташриф буюрди.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Ниша Десау Бисвалнинг айтишича, 2014 йилги сиёсий маслаҳатлашувларда Америка делегацияси таркибида 22 киши қатнашди. Ваҳоланки, 2009 йилда мазкур учрашувлар биринчи марта ўтказилганда икки тарафдан бор-йўғи икки кишидан қатнашган эди. “Бу бизнинг ҳамкорлигимиз бирмунча етуклашиб бораётганидан далолатдир”, деди Ниша Дисаи Бисвал.