Ўзбекистон Президентлигига номзодлар рўйхатга олинди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олди. Бу ҳақда Комиссия матбуот хизмати хабар тарқатди.

Унда қайд этилишича, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ислом Абдуғаниевич Каримов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Акмал Холматович Саидов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Маджитович Умаров Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан уларнинг сайловолди ташвиқоти бошланади. Шу муносабат билан мажлисда сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, тегиши қарор қабул қилинди.

SHARE