Қозоғистонда президент сайлови 26 апрель куни муддатидан олдин ўтказилади

Қозоғистонда президент сайлови муддатидан олдин ўтказилади. Нурсултон Назарбоевнинг фармонига кўра, мамлакатда президент сайлови шу йилнинг 26 апрель куни бўлиб ўтади.

“Бугун мен Сенат, парламент мажлиси, бош вазир ва Конституциявий кенгаш раиси билан маслаҳатлашдим… Президент ва парламент сайловлари 2016 йилга тўғри келади ва амалда бир-бирига қўшилиб қолади. Бунга Конституция йўл қўймайди. Менинг конституциявий ваколатларим муддати ҳам 2016 йилда тугайди”, деди Қозоғистон раҳбари мамлакат телевидениесида қилган чиқишида.

Унинг сўзларига кўра, халқ томонидан иккита таклиф келиб тушган: биринчиси президент сайловини муддатидан олдин ўтказиш бўлса, иккинчиси Президент ваколат муддатини узайтириш тўғрисида референдум ўтказишдир. “Иккала таклифни ҳам амалга оширса бўлади, аммо Конституция талабларига тўғри келадиган тўғри қарор сайловни ўтказиш ҳисобланади. Шунинг учун халқимиз манфаатлари йўлида, уларнинг мурожаатини инобатга олган ҳолда, асосий қонуннинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида 2015 йил 26 апрель куни муддатидан олдин президент сайловини ўтказиш тўғрисида фармонга имзо чекдим”, деди у.