Ўзбекистонда Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик ишлари бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида қарорга имзо қўйди.

“Неча минг йиллар давомида азалий қадриятларимизни ўзида мужассам этиб, аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган Наврўзнинг истиқлол йилларида ҳаётимиздаги ўрни ва моҳияти тобора ошиб бормоқда. Халқимиз учун табиат уйғониши, шарқона янги йилнинг бошланиши, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўз айёмини юртимизнинг барча ҳудуд ва минтақаларида ҳар томонлама чуқур тайёргарлик билан кутиб олиш ва нишонлаш эзгу, бир сўз билан айтганда, табиий анъанага айланиб қолди”, дейилади қарорда.

Қарорда қайд этилишича, ушбу миллий байрамнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири, инсоннинг табиат билан ҳамоҳанг бўлиб яшаши, жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, кексаларга эъзоз ва эҳтиром, кичикларга иззат кўрсатиш, одамийлик, яхши қўшничилик, хайр-саховат, бағрикенглик ва бунёдкорлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш борасида Наврўзнинг моҳияти ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини инобатга олиб ҳамда бу қутлуғ айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида 2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита ташкил этилган.

Ташкилий қўмита Наврўз байрамини Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ўтказишга қаратилган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Президент ташкилий қўмитага Наврўз бўйича тадбирлар режасини тайёрлашни ва бунда айни Наврўз фаслида инсон ўзини табиатнинг ажралмас, узвий бир қисми сифатида ҳис этишини ифода қиладиган, атроф-муҳитни, она заминни эъзозлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш, жойларда бўлиб ўтадиган тадбирларда, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат, анъана ва қадриятларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш, мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча юртдошларимиз учун севимли байрамга айланган Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган аҳиллик ва тотувлик, меҳру саховат, ёши улуғ инсонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш, янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, яшариш ва янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз фаслида маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларимизда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш ва бошқа тадбирлар кўзда тутилишини қайд этган.

Байрам дастурларини тайёрлашда фольклор санъатининг энг яхши намуналари, халқ ўйинларига, эл-юртимизнинг дилидан чуқур жой олган тарихий урф-одатларга, гўзал инсоний туйғуларни тараннум этадиган мумтоз куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарларга кенг ўрин берилади.