АҚШда икки нафар ўзбекистонлик “Ислом давлати” га ёрдам берганликда айбланмоқда

АҚШнинг Нью-Йорк штати Бруклик шаҳрида 3 нафар киши “Ислом давлати” террористик ташкилотига ёрдам берганлик айби билан қўлга олинган. АҚШ ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълум қилишича, улардан бири агар жангарилар (“Ислом давлати” жангарилари) ундан сўрашса, Обамани ўлдиришни таклиф қилган.

Федерал прокурорлар маълумотларига кўра, уларнинг икки нафари Ўзбекистон фуқаролари Абдурасул Жўрабоев (24 яшар) ва Аброр Ҳабибов (30 яшар), бир нафари Қозоғистон фуқароси Аҳрор Саидаҳметовдир.

Жўрабоев ва Саидаҳметов Туркияга сафар қилишни, у ердан Сурияга жиҳодга отланмоқчи бўлишган. Ҳабибов эса уларнинг режаси учун ҳақ тўлаган. Саидаҳметов Нью-Йоркдаги Жон Кеннеди халқаро аэропортидадан Туркияга самолётга чиққанида қўлга олинган. Учала шахс ўша куниёқ қўлга олинган. Уларга ўзаро тил бириктириш ва терроризмни молиялаштириш айби қўйилмоқда. Агар уларнинг айби исботланадиган бўлса, уларнинг ҳар бири камида 15 йилга озодликдан маҳрум қилинади.

Бугун улар судда илк марта ҳозир бўлишади. Жўрабоев ва Саидаҳметов Бруклиндаги, Ҳабибов эса Флоридадаги суд эшитувида қатнашади.

“Кимки бизнинг фуқароларимизга ва ҳамкорларимизга таҳдид солса, у қаерда бўлмасин, Америка қонунлари олдида жавоб беради”, деди етакчи федерал прокурор Лоретта Линч.

Прокуратура маълумотларига кўра, Жўрабоев ҳуқуқ-тартибот органлари назарига август ойида тушган. Ўшанда у ИШИД-тараф сайтда изоҳ қолдирган. У ўз изоҳида агар “Ислом давлати” ундан сўраса, Обамани ўлдиришни таклиф қилган. У, шунингдек, шаҳарда қўпорувчилик ҳаракатларини ҳам режалаштирган.

Саидаҳметов ҳам, агар у Сурияда “Ислом давлати” сафига қўшилмаса, полиция офицерини ёки FBI агентини отишни ният қилган.