Tеррорга алоқадорликда айбланаётган ўзбекистонликлар ёхуд маҳалласиз ўсаётган Америка ўзбеклари

2015 йил 25 февраль куни Нью-Йоркнинг Бруклин шаҳрида 3 шахс ҳозирда кўпчиликка овоза бўлиб улгурган “Исломий давлат” гуруҳи қарашларини қўллаб-қувватлагани учун қўлга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.  Ачинарлиси,  қўлга олинганларнинг 2 нафари 19 ва 30 ёшдаги Ўзбекистон фуқароларидир.

Ҳозирча уларнинг шахси ҳақида бизда батафсил маълумот мавжуд эмас.  Лекин бу ҳолатнинг бошқа бир томонига эътибор қаратишни жоиз топдик.  Айрим ватандошларимиз Ўзбекистондан,  “Бир зум пул ишлайману кейин яна қайтиб кетаман”,  – деган мақсад билан Америкага келиб,  ишлаб пул топгач,  кўпчилиги бу ерда узоқ муддат яшаб қолиб кетмоқда.  Чўнтагига пул тушгач,  кўпчилик ёшларимиз охирги русумдаги компьютер,  телефон,  турли планшет ва автомобилларни сотиб олмоқда.  Бу замонавий ҳаётдан ортда қолмай яшашга уринаётган айрим ёшлар,  афсуски,  сўнгги русумдаги технология воситаларидан фойдаланишга муккасидан кетиб,  баъзан ўйламай босган қадамлари туфайли ўз ҳаётларига зомин ҳам бўлмоқда.  Ҳали ёш,  диний қарашлари унчалик шакланмаган бу йигитларнинг интернет саҳифаларида  ярим чин,  ярим ёлғон тарзда кимларнингдир салбий қарашларини қўллаб-қувватлаганлиги оғир оқибатларни келтириб чиқарди.

Тан олиш керак,  охирги беш йилда АҚШда Ўзбекистондан келиб ўқиётган,  яшаётган ватандошларимиз сони кескин ошган.  Одам кўп жойда назорат йўқолади.  Ота-онасидан узоқда пул ишлаб,  хоҳлаган ишини қилиб юрган ёшлар ўзлигини йўқотиб қўймоқда.  Шу ўринда савол туғилади.  Хўш,  хорижда яшаётган ўзбекистонликларга турли томонлама ёрдам берадиган маҳалла вазифасини ўтайдиган жамият керакми?

Бизнингча,  керак ва бу борада ижобий қадамлар аллақачон ташланган.  Ҳозирда Америкада бир қанча ўзбек жамиятлари фаолият юритиб турибди.  Ўзбекистонлик иммигрантларга турли томондан ёрдам беришга ҳаракат қилинаётгандек.  Реал олиб қарасак,  бу жамиятлар фаолияти,  асосан,  ўзбек урф-одатини,  миллийликни сақлаб қолишга ва мустақиллик,  Наврўз ҳамда Янги йил байрамларини уюштиришга қаратилган.  Одамларга яқиндан ёрдам берадиган тадбирлар жуда ҳам кам ташкил қилинмоқда.   Демак,  эътибор кўпроқ мазмунга эмас,  шаклга берилаётгандек.

Айрим ватандошларимизни ёт ғояларга бой бериб қўяётганимизда шунинг ҳам ҳиссаси йўқ эмасмикан?

Нью-Йоркдаги “Ватандош” Ўзбек-Америка жамияти бошқа жамиятлардан фарқли равишда ойда бир марта турли семинарлар ўтказишни йўлга қўйган.  Бу ҳол кўпчилик томонидан ижобий кутиб олинди.  Лекин бу семинарларга таклиф қилинганлар орасида “Е қанақа семинар,  ишлашим керак,  ким пул беради?”- деб менсимаганлар ҳам топилади.  АҚШда яшаётган айрим юртдошларимиз эркинликни хато тушуниб,  ўз назоратларини йўқотмоқда ва юқоридаги юртдошларимиз ҳолатига тушиб,  миллат номига доғ туширмоқда.

Фақатгина концерт,  байрамларда жамиятларни эслаётган айрим юртдошларимизга сизга яқин яшаётган миллатдошингизнинг ҳолидан хабар олиб туринг,  ёшлар қилаётган ишларга бефарқ бўлманг,  деб айтгимиз келади.  “Ватандош” жамияти ташкил қилаётган турли ижтимоий мавзудаги семинарларда қатнашиб,  Америка қонун-қоидалари,  яшаш тарзи ҳақида ўрганиб,  ўзимизнинг миллий урф-одат,  анъаналаримизни унутмаган ҳолда фаол бўлишингизни сўрардик.

Балки юқоридаги икки ватандошимизга қилаётган ишлари хато эканлигини тушунтирадиган одам топилмагандир? Уларнинг диний ва дунёвий билимлари саёзлиги панд бергандир? Агар айблари тасдиқланса,  шу саёзлик туфайли 15 йилгача озодликдан маҳрум қилинишлари мумкин.  Ҳали оила қурмаган,  ҳаёт нашидасини сурмаган ёш йигитлар учун бахт излаб хорижга келганлиги қимматга тушадиганга ўхшайди.  Оилали,  фарзандли юртдошларимиз,  фарзандингизнинг ҳар бир қадамига бефарқ бўлманг.

Сизлардан мавзу бўйича таклиф ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.  Доно халқимизнинг “Бир фарзандга йетти маҳалла ота-она”,  деган нақлига амал қилиб яшаш барчамизга насиб қилсин.

Дилшод ЗОКИРОВ,
“Ватандош” жамияти аъзоси

SHARE