Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида авиақатнов тикланиши мумкин

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Душанбедаги халқаро аэропортга хизматлар учун нархлар (прейскурант)ни тақдим қилишни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда Тожикистон пойтахти “ҳаво дарвозаси” матбуот хизмати хабар тарқатди.

Шуни қайд этиш керакки, икки мамлакат ўртасида 1993 йилдан бери ҳаво қатнови амалга оширилмайди.

Душанбе халқаро аэропортида маълум қилишларича, Тошкентнинг сўровига биноан прейскурант тақдим қилинган. Айни пайтда томонлар у ёки бу масалани аниқлаштириш мақсадида ҳар куни телефон орқали мулоқот қилиб турибди.

Душанбе аэропорти вакилларига кўра, авиақатновлар шу йилнинг март ойидан бошланиши мумкин. Манбаларнинг қайд этишича, иттифоқ даврида икки мамлакат пойтахтлари ўртасида суткасига 5-6 марта авиақатнов амалга оширилган. Қолаверса, бошқа шаҳарлар ўртасида ҳам шундай авиақатновлар мавжуд бўлган.

“Душанбе аэропорти Тошкентдан ҳар қандай турдаги самолётларни қабул қилишга тайёр”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг ўтган йил Душанбедаги учрашувида тарафлар мавжуд муаммолар учта тоифага ажратилган эди. Унга биноан, биринчи галда зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган ҳамда жиддий ҳаракатларни талаб қилмайдиган муаммолар, иккинчи галда ўрта узоқ муддатга мўлжалланган муаммолар, учинчи ўринда кўп вақт ва катта саъй-ҳаракатлар талаб қилинадиган муаммолар кетма-кетлиги белгиланган.

Унга мувофиқ, икки давлат фуқаролари учун виза режимини юмшатиш (икки давлат фуқаролари учун камида 30 кунлик визасиз сафар қилиш имкониятини яратиб бериш) ҳамда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи ҳам Ислом Каримов ва Эмомали Раҳмон учрашувида биринчи галда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларнинг биринчи доирасига киритилган.