Ўзбекистонда уруш қатнашчилари телевизор ва мобиль телефонлар билан бепул таъминланади

Ўзбекистонда 2015 йили 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларининг ҳар бири мамлакатимизда ишлаб чиқарилган телевизор ва мобиль телефонлар билан бепул таъминланади, уларга маҳаллий ва шаҳарлараро чиқиш қўнғироқлари учун ҳар ой абонент тўлови олинмасдан 60 дақиқа бепул лимит берилади. Бу яқинда тасдиқланган “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастурида белгилаб берилган.

Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари мамлакатдаги санаторий-соғломлаштириш муассасаларига бориш учун йилига бир марта темир йўл транспортида бепул юриш ҳуқуқидан, шунингдек, ҳаво транспортида юриш нархининг 50 фоиз миқдоридаги чегирмадан (бориш ва келиш) фойдаланиши мумкин.

Давлат дастурида фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кўпайтириш, даволашнинг замонавий усуллари билан қамраб олиш ва улардан фойдаланишни кенгайтириш, кексалар ва ногиронларни ёрдамчи ҳамда техник реабилитация воситалари билан, жумладан, имтиёзли асосда таъминлаш, кексаларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган санаторий-соғломлаштириш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

SHARE