Европа Иттифоқи раҳбари Ислом Каримов билан учрашувни кутаётганини маълум қилди

Европа Иттифоқи Кенгаши Президенти Дональд Туск Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга ташаккурнома юборди.

“Европа Иттифоқи Кенгаши Президенти этиб сайланганим муносабати билан менга табрик йўллаганингиз учун Сизга самимий миннатдорлик изҳор этаман”, дейилади Европа Иттифоқи раҳбари мактубида.

Президентнинг қайд этишича, у ўз вазифасини бажаришга киришар экан, бу лавозимда муайян мақсадларни назарда тутганини баён қилган. “Хусусан, Европа Иттифоқи халқаро майдонда муҳим ўрин тутишига, демократия ва фаровонлик бўйича тажриба алмашишига, дўстлар ва хорижий шериклар билан тинчлик ва бирдамлик каби эзгу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилишига қатъий ишонаман. Ўзимнинг бутун билим ва тажрибамни, куч-қувватимни ушбу хайрли ишларга бағишлаш ниятидаман”, дейилади мактубда.

У Ислом Каримов билан яна учрашишни кутиб қолишини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Туск 2007 — 2014 йилларда Польша бош вазири бўлиб, 2014 йилнинг кузида Европа Иттифоқи раҳбарлигига сайланган эди.

SHARE