Ўзбекистон Германиянинг корпоратив бошқарув соҳасидаги тажрибасини ўрганади

Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Германияга ташриф буюрди.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, делегация Германия—Ўзбекистон ишбилармонлик кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиш ҳамда Германиянинг корпоратив бошқарув соҳасида фаолият юритувчи компанияларининг илғор тажрибаларини ўрганиш ва уларни Ўзбекистонга татбиқ этиш имкониятларини ўрганиш мақсадида ташриф буюрган.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси корпоратив бошқарув соҳасидаги дунёнинг етакчи таълим муассасаларидан бири – Берлинда жойлашган Европа менежмент ва технологиялар институти билан ҳамкорлик қилиш ҳақидаги келишувни имзолади.

Мазкур келишувда Ўзбекистоннинг мансабдор шахслари ва корхоналар мутахассислари учун Тошкентда корпоратив бошқарув соҳасида қисқа муддатли курсларни ташкил этиш ва кейинчалик уларни Германиянинг йирик акциядорлик компанияларида амалиёт ўташлари кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев ўз номзоди парламент томонидан кўриб чиқилаётганда, ҳукуматнинг узоқ муддатли дастурини тақдим қилиб, унда корпоратив бошқарув тизимидаги тамойиллар ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш, шунингдек, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестиция жараёнларининг корпоратив менежментига доир халқаро замонавий стандартларни жорий этиш бўйича ўз режасини тақдим қилган эди.
Унга кўра, корпоратив бошқарув тизимидаги тамойил ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш бўйича энг муҳим устувор йўналишни амалга ошириш мақсадида мулк таркибида давлат улуши бўлган 1100 тадан ортиқ акциядорлик компанияси ва бошқа хўжалик бирлашмалари фаолиятининг самарадорлигини танқидий кўриб чиқиш ҳамда бу соҳада Япония, Жанубий Корея, Германия ва бошқа ривожланган мамлакатларда қўлланилаётган менежмент тизимлари асосида янги услуб ва ёндашувларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш мўлжалланмоқда.

Корпоратив бошқарув тизимида тамойиллар ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш доирасида давлат улушига эга бўлган акциядорлик компанияларининг янги намунавий ташкилий тузилмаси ва уларнинг ходимларига қўйиладиган талаблар тасдиқланади ҳамда вазифалари белгиланади.

Бундан асосий мақсад — бошқарув ходимлари ва мутахассислар лавозимлари номи ва функционал вазифаларини ўзгартирибгина қолмай, балки уларнинг фаолият кўрсатиш тамойилларини тубдан ўзгартиришдан иборатдир. Бу эса, ўз навбатида, ривожланиш учун ўзаро ҳамкорлик ва ташаббускорликка янги туртки беради.

“Навбатдаги муҳим вазифа — бугунги кунда аксарият ҳолларда эскича маъмурий-буйруқбозлик усулида корхонани бошқараётган самарасиз директорлик корпусидан батамом халос бўлиш. Бундан мақсад — корхоналарни бозор иқтисодиётини чуқур биладиган ва юксак профессионал малакали янги менежерлар бошқаришига эришишдир”, дейилади ҳукумат дастурида.