Ўзбекистон ва Германия 2,8 миллиард долларлик битим имзолади

Ўзбекистон ва Германия ҳукумати ва бизнес-тузилмалари жами 2,8 миллиард АҚШ долларига тенг инвестиция ва кредит битимлари пакети, техник кўмак лойиҳаларини имзолашди. Бу ҳақда РИА “Новости” хабар тарқатди.

Битимлар Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов бошчилигидаги делегациянинг Германияга шу йилнинг 23-26 февраль кунлари амалга оширган ташрифи доирасида имзоланган. Хусусан, ушбу маблағлар кимё, машинасозлик, электротехника, текстиль ва озиқ-овқат саноатига, қурилиш материалларининг янги турларини ишлаб чиқаришга жалб қилинади.

Германия тарафининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва Германия ўртасида сайдо айланмаси 2014 йилда 10 фоиз ўсиб, 461,2 миллион еврога етди. Ўзбекистонда Германия инвесторлари иштирокида 120 та корхона фаолият юритмоқда.