Телебошловчи Раҳматилла Мирзаевни ўлдирганликда айбланаётган шахс қўлга олинди

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси сухандони Раҳматилла Мирзаевни ўлдирганликда айбланаётган шахс қўлга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Матбуот хизмати хабарида айтилишича, 2 март куни эрталаб соат 07:00 да Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги ўз уйида Миллий телерадиокмопания сухандони Раҳматилла Мирзаевнинг жасади топилган.

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув гуруҳи ходимлари томонидан қотилликда гумон қилинган 21 ёшли Зангиота тумани “Чувалачи” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро қўлга олинган. У талончилик мақсадида бу ишни содир этган.

Прокуратура дастлабки жараёни давом этаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2 март куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, олий тоифали сухандон Раҳматилла Мирзаевнинг дафн маросими ўтказилди.