Оқ уй ва Исроил ўртасидаги “қора мушук” ёхуд Биньямин Натаняҳунинг “исталмаган” маърузаси

Исроил бош вазири Биньямин Натаняҳунинг Вашингтонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги энг жиддий баҳслардан бирига, ўртадаги муносабатларнинг совуқлашишига олиб келди. Гап шундаки, Исроил бош вазири “Биби”нинг Оқ уй билан келишилмаган ҳолда ушбу мамлакатга ташриф буюриши ҳамда Конгрессда маъруза билан чиқиш қилиши ва Эрон ядровий дастури бўйича АҚШ келишувга эришмаслик кераклигини таъкидлаши Оқ уй томонидан кескин қарши олинди.

Оқибатда баҳс-мунозаранинг бир тарафида Оқ уй ва Эрон раҳбарияти, иккинчи тарафида эса республикачилар назорат қилаётган АҚШ конгресси ва Исроил ажралиб қолди.

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Исроил бош вазирининг Вашингтон ташрифи икки мамлакат тарихидаги муносабатларнинг энг қуйи нуқтасига тушиб қолишига сабаб бўлди. “Биби” билан на Барак Обама, на Жозеф Байден, на Жон Керри учрашишни лозим топди.

Шундай қилиб, Биньямин Натаняҳунинг АҚШга ташрифи Жамоатчилик билан алоқалар бўйича Америка-Исроил қўмитаси аъзолари билан учрашув билан чегараланди, холос.

Оқ уйнинг ушбу ташрифга эътирози шундаки, Биньямин Натаняҳу ташрифини Барак Обама маъмурияти билан келишмаган. Боз устига, Исроил бош вазири Эрон ядровий дастури бўйича Барак Обама билан гап-сўзи бир жойдан чиқмагач, унинг орқасидан АҚШ қонун ижодкорларига мурожаат қилгани ҳаммасидан ошиб тушди.

Америкага йўл олар экан, Натаняҳу ўз ташрифини “мамлакат тарихини ҳал қиладиган тарихий миссия” деб баҳолади. Унинг ишонч билдиришича, ўртада яҳудийлар давлатининг келажаги қўйилган. “Бош вазир сифатида мен Исроил давлати хавфсизлиги ҳақида қайғуришим керак”, деди у жумладан.

Натаняҳу ўз маърузасининг асосий қисмини Эрон таҳдидига бағишлади. Унинг фикрича, Эрон нафақат Исроилга, балки Яқин Шарқ минтақаси учун таҳдид эканлигини уқтирди.

Бош вазирнинг наздида, Эронга таклиф қилинаётган янги битим натижасида мавжуд санкциялар бекор қилингач, ушбу мамлакат тез орада ядровий қурол яратиш имкониятига эга бўлади. Чунки Эронда жуда катта ядровий инфратузилма қолади.

Натаняҳу, шунингдек, Эронни МАГАТЭ инспекторларини алдашда айблади. Унинг фикрича, Эрон ушбу ташкилотдан ўз ядровий дастурларини яшириб келмоқда.

Эрон санкцияларни бекор қилиш ҳақида келишишдан олдин ўз қўшниларига нисбатан агрессив сиёсатини тўхтатиши, халқаро миқёсда терроризмни қўллаб-қувватламаслиги ҳамда Исроил давлатига таҳдид солмаслиги керак, деди Исроил ҳукумати раҳбари.

“Агар Эрон унга нисбатан яхши муносабатда бўлишини истаса, у ўзини аввал яхши тутсин. Ёмон битимдан кўра ҳеч қандай битим бўлмагани тузукроқ. Бу жудаям ёмон битим. Усиз ҳам анча яхши бўлади”, дея фикрига хулоса қилди Биньямин Натаняҳу.

Барак Обама Исроил бош вазирининг маърузасига муносабат билдирар экан, “Биби” муҳокама қилинаётган келишув битимига қандайдир янги ҳаётий муқобил таклиф билдирмаганини қайд этди.

Умуман, етакчи демократлар Натаняҳунинг конгрессдаги нутқини оғриқ билан қабул қилишди. Хусусан, демократларнинг Конгрессдаги етакчиси Нэнси Пелози аламдан йиғлаш даражасига етганини, чунки ушбу маъруза Америка халқи ақл-идрокини менсимаслик ва камситиш ҳисобланишини қайд этди.

BBC мухбири Жереми Бауэннинг таъкидлашича, Натаняҳунинг маърузаси АҚШ сиёсатчиларининг қарор қабул қилишига тўғридан-тўғри дахл қилиш ҳисобланади.

Натаняҳу ўз маърузаси якунида АҚШ конгрессменларига мурожаат қилиб, Эрон билан тузиладиган битимни қўллаб-қувватламасликка чақирди. Республикачилар унинг маърузасини ўринларидан турган ҳолда гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватлашди.

The New York Times таҳририяти Натаняҳунинг ушбу маърузаси Исроил ҳукумати Барак Обамага ишонмаслигини кўрсатди, деб ёзди. Шундай бўлса-да, мамлакатда Эрон билан тинчлик сулҳини тузишни қўллаб-қувватлаш кўпчиликни ташкил қилади. Масалан, яқинда ўтказилган сўров натижаларига кўра, республикачи-сайловчиларнинг 61 фоизи, демократларнинг 66 фоизи Эрон билан тузиладиган битимни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

“Конгрес шуни унутмаслиги керакки, Американинг хавфсизлик манфаатларини илгари суриш унинг мажбурияти ҳисобланади. Бу манфаат ўз ичига Эрон билан қатъий ва амалга оширса бўладиган битимни ҳам қамраб олади. Агар у битимга, Натаняҳу талаб қилганидек, қаршилик кўрсатса, оқибатлари учун жавобгар бўлади”, дейилади таҳририят мақоласида.