Ўзбекистонда “кўчирмачи” қўшиқчилар тартибга чақирилди

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулк агентлиги мутахассислари, санъатшунос олимлар, таниқли хонандалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида айрим хорижий қўшиқлар ва куйларни рухсатсиз ўзлаштириб, муаллифлик ҳуқуқи бўйича халқаро меъёрларни қўпол равишда бузаётган баъзи ижрочилар фаолиятини таҳлил қилди.

Ушбу мақсадда ташкил этилган суҳбатда мисол тариқасида хонандалар томонидан “ўзбекчалаштирилган” хорижий оригинал қўшиқлар иштирокчиларга ҳавола этилган. Бу ҳақда бирлашма матбуот хизмати хабар тарқатди.

Филология фанлари номзоди, санъатшунос, адабиётшунос олим, “Жаҳон” адабиёти журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев, таниқли журналист, санъатшунос Гулчеҳра Файзиева ушбу хунук ҳолатга куюнчаклик билан муносабат билдирдилар. Бировларнинг қўшиғини айтиб, аравасида юрадиган замонлар ўтганини, бугун ҳар бир санъаткор миллат шаънини, санъат нуфузини сақлашга масъул эканлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулк агентлиги бошқарма бошлиғи Воҳиджон Аллаёров муаллифлик ҳуқуқи тушунчаси, уни бузганлик учун белгиланган жавобгарлик ҳақида тўхталиб ўтди.

“Бизда азалдан қўшиққа шунчаки санъат маҳсули эмас, тарбия воситаси сифатида қаралган. Айниқса, бизнинг миллий анъаналаримизга, ахлоқ-одоб қоидаларига мутлақо тўғри келмайдиган клиплар, турли тиллардаги сўзларни қориштириб ёки талаффузни атайлаб бузиб айтиш каби номуносиб ҳаракатларни айрим ёш ижрочилар ўзи учун қандайдир янгича услуб деб билаётгани санъатни, унинг моҳияти ва аҳамиятини тушунмасликдан бошқа нарса эмаслиги таъкидланган”, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Унда қайд этилишича, чет эл оҳангларига ўзбекча сўзларни қўйиб ижро этиш санъатимиз ривожига путур етказиш баробарида тингловчилар савияси ва тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, юртимиздаги айрим таниқли хонандалар томонидан кўчирмакашлик (плагиатлик)ка йўл қўйилаётгани санъат оламига энди кириб келаётган ёшларни тўғри йўлдан чалғитиб, ижодий изланиш ўрнига тайёр қўшиқни осонгина ўзлаштиришга даъват этяпти

Келгусида юқоридаги каби уятли ҳолатларнинг олдини олиш, ёш авлодни, айниқса, навқирон санъат аҳлини халқимизга хос умрбоқий қадриятлар – ҳалол меҳнат қилиш, бировнинг ҳақига хиёнат этмаслик каби эзгу фазилатлар руҳида тарбиялаш мақсадида ОАВ ва бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган.