Ислом Каримов Эмомали Раҳмонни парламент сайловидаги муваффақияти билан табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонни у бошчилик қиладиган Тожикистон Халқ демократик партияси мамлакат парламентига бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонгани муносабати билан табриклади.

“Сиз раҳбарлик қиладиган Тожикистон Халқ демократик партияси Тожикистон Республикаси Мажлиси намояндагон Мажлиси Олида ғалаба қозонгани муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилинг. Ушбу имкониятдан фойдаланган ҳолда Сизга, Эмомали Шарипович, мустаҳкам соғлиқ ва фаолиятингизда муваффақиятлар, дўст Тожикистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилайман”, дейилади Ислом Каримов табригида.

Тожикистон парламентига сайловлар 2015 йил 1март якшанба куни бўлиб ўтганди. Мамлакат сайлов комиссиясидан маълум қилишларча, сайловда сайловчиларнинг 87,7 фоизи иштирок этган.

Тожикистон парламентига сайловларда мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон раҳбарлик қиладиган Халқ демократик партияси ғалаба қозонди. Партия сайловчиларнинг 65,2 фоиз овозини қўлга киритди.

Шунингдек, сайлов натижаларига кўра, Аграр партия 11,8 фоиз (450 минг 275 овоз), Иқтисодий ислоҳотлар партияси 7,6 фоиз (288 минг 308 овоз), Социалистик партия эса, 5,5 фоиз овоз (210 минг 328 овоз) олган.