Ўзбекистонда 3135 киши амнистия туфайли қамоқдан озод қилинди

Олий Мажлис Сенатининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги қарорига мувофиқ, 3135 киши озодликка чиқарилди. Бу ҳақда “Новый век” газетаси Ўзбекистон ИИВ жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбариятига таяниб хабар тарқатди.

Шунингдек, 42 нафар чет эл фуқароси ҳам амнистия туфайли озодликка чиқарилди. Озод қилинганларнинг 11 нафари Қозоғистон, 10 нафари Тожикистон, 9 нафари Россия, 2 нафари Туркия, бир нафари Хитой, яна бир нафари Украина фуқароларидир.

60 ёшдан ошган 14 киши, 9 нафар ногирон ва 42 нафар аёл ҳам қамоқхонадан озод қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Конституциясининг 21 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия акти 69 минг 497 нафар шахсга нисбатан татбиқ этилди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 апрелига қадар амнистия акти татбиқ этилганларнинг 43 минг 82 нафари жиноий жавобгарлик ва жазодан, шу жумладан 3 минг 237 нафари озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ жойларидан ва тергов ҳибсхоналаридан озод қилинган.

SHARE