Галина Мельникова: Раҳматилла Мирзаев очиқ ва олижаноб одам эди

2 март куни Ўзбекистон телевидениесининг энг ёрқин вакилларидан бири Раҳматилла Мирзаев 60 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Ўнлаб йиллар мобайнида у янгиликлар сухандони ва турли кўрсатувлар бошловчиси сифатида миллионлаб томошабунларнинг уйларида деярли ҳар куни меҳмон бўлган эди.

Раҳматилла Мирзаев ўз ҳамкасблари ва яқинлари хотирасида қандай из қолдиргани ҳақида телевидениеда у билан кўп йиллар давомида бирга ишлаган таниқли диктор Галина Мельникова “Дарё” ва “Газета.уз” нашрларига берган интервьюсида маълум қилди.

“Мен учун Раҳматилла ҳақида ўтган замонда гапириш жуда оғир. У энди орамизда йўқлигини англаш ва тушуниш жуда қийин. Бу бизнинг телевидениедаги катта оиламиз учун ҳам, кўплаб томошабинлар учун ҳам катта йўқотиш бўлди”, − деди Галина Мельникова.

“Раҳматилла телевидениеда 40 йил ишлади. Телевидениега келиши билан у менинг қўл остимга тушган эди. Мен унинг телевидениедаги илк тажрибасини, биз уни ўз иш жараёнимизга қандай киритганимизни эслайман. У янгилик дастурида ишлай бошлаган эди. Кўрсатувлар жонли эфирда кетарди. Бу ўта қаттиққўл мактаб, мен уни ҳар доим олд қатордаги каска ва бронежилетсиз жангчининг хато қилишга ҳақли бўлмаган миссиясига ўхшатаман”.

“Биз уни Рома деб чақирардик, у жуда қизиқувчан бўлиб, ўзбек ва рус тилларида бемалол сўзлаша оларди; ривожланишга, олдинга ҳаракатланишга интилиши юқори эди. Ишлашни бошлаганидан ярим-бир йил ўтиб унинг мухлислари пайдо бўла бошлаган, у машҳур бўлганди. Биз у билан “Ахборот” (“Ўзбекистон телеканалининг асосий ахборот дастури − таҳририят) кўрсатувини рус тилида биргаликда олиб борар эдик. У ёш бўлишига қарамай, ҳар доим ўзаро ёрдам ҳисси сезиларди”.

Раҳматилла жуда талабчан бошловчи эди. Биз янги йил байрами дастурларини ҳам, бошқа турли кўрсатувларни ҳам олиб борардик, студиямизга меҳмонлар келиб турарди, бизни жонли эфирга ҳеч қандай тайёргарликларсиз тайинлашарди. Биз уруш фахрийлари, ёзувчилар, бастакорлар, қурувчилар ва пахтакорлар билан учрашардик. Бизнинг аниқ амплуамиз йўқ эди, исталган кўрсатувни олиб боришимизга тўғри келарди. Бу улкан масъулият ва ўз устида доимий ишлашни талаб қиларди. Раҳматилла эса айнан профессионал бошловчи қандай бўлиши кераклигининг намунаси эди.

fccRW614256198834152_b-640x436
“У очиқ, қувноқ, ўткир зеҳнли, меҳрибон ва олижаноб инсон эди. Халқ орасида машҳурлигига қарамасдан, унда шахс ривожини тўхтаб қўядиган юлдузлик касаллигидан иммунитет бор эди. Унинг атрофидаги ижобий муҳит ҳаммани ўзига тортарди. Рома фарзандларини жуда яхши кўрарди, улар билан фахрланарди ва улар ҳақида тинимсиз гапирарди. Онасини эса муқаддас, деб биларди”.

Унинг душманлари йўқ эди, бўлиши мумкин ҳам эмас эди. У ҳаммага, ҳатто ўзи яхши танимайдиган одамларга ҳам ёрдам берарди. Исталган вазиятда маслаҳат ёки ёрдам сўраб унга мурожаат қилиш мумкин эди. Менда оғир дамлар бўлган, онам оғир бетоб бўлиб қолганди. Раҳматилла ўшанда машина ҳайдарди, у менинг олдимга келиб “Витальевна, исталган вақтда қўнғироқ қилинг, мен сизни олиб бораман”, — деганди. У мени жуда кўп марта шифохонага онамни кўришга олиб борган эди.

“Раҳматилла, барчада баъзида бўлиб турганидек, омадсизлик ва хатолар учун қаттиқ қайғурарди. Бироқ у ҳеч қачон уларни бировга тўнкамасди, ҳар доим жавобгарликни ўз бўйнига оларди”.