Ислом Каримов: “8 март байрами келиши билан биз ҳаммамиз шоир бўлиб кетишга тайёрмиз”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон хотин-қизларини табриклади.

“Барчамиз орзиқиб кутадиган, табиат чирой очиб бораётган мана шу илк баҳор кунларида, айни шу шукуҳли айёмда сиз, азиз қадрдонларимни, сизларнинг тимсолингизда бутун Ўзбекистон хотин-қизларини 8 март байрами билан самимий муборакбод этиш менга катта қувонч бағишлайди”, деди Ислом Каримов.

Ислом Каримовнинг айтишича, ҳаётимизда турли-туман саналарни байрам сифатида кенг нишонлаймиз. Шулар қаторида кўнгилларимизга гўзаллик ва хурсандчилик, файзу тароват олиб келадиган 8 март байрами алоҳида ўрин тутади. Бу байрам агарки ҳаётимизда бўлмаса, ана шундай байрамни албатта таъсис этиш керак бўларди.

Нега деганда, айни шу кунларда Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлмиш сиз, муҳтарама аёлларнинг шаънига юрак-юрагимизда, қалбимиз тўрида бўлган энг самимий, энг олижаноб сўзларни, ҳурмат ва эҳтиром, меҳр-оқибат, севги ва садоқат туйғуларини изҳор этиш учун яна бир имконият туғилади ва барчамиз мана шу имкониятдан фойдаланишга шошиламиз.

Ҳеч кимга сир эмас, аёл зоти ҳақида, унинг қандай тенгсиз латофат ва нафосат соҳибаси экани, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фариштаси экани ҳақида тарихимизда не-не улуғ мутафаккирлар, шоир ва алломалар қанча-қанча дил сўзларини баён этганлар.

Бу ҳақда гапирганда, аввало, буюк Алишер Навоий бобомизнинг “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир” деган мазмундаги ҳикматли сўзларини яна бир бор эслаймиз ва меҳрибон, муқаддас Она сиймоси олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.

Мана шу байрам кунларида ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадонда қадрли опа-сингилларимизни эъзозлаш, уларни улуғлаш учун энг гўзал ва олижаноб таърифларни келтиришга интиламиз. Шу ўринда мен аёлларимиз шунга ишонишларини истардимки, айни мана шу 8 март байрами келиши билан биз ҳаммамиз шоир бўлиб кетишга тайёрмиз. Албатта, шоирга айланиш жуда қийин, лекин мен юртимизнинг барча мард ўғлонлари номидан аввало сиз, азизларга юксак ҳурмат ва эҳтиром билдириб, қалбларингизда неки эзгу ниятлар, орзу-интилишлар бўлса, уларнинг барча-барчаси албатта ижобат бўлишини, рўёбга чиқишини чин юракдан тилайман.

“Сизларни ўзингиз каби чиройли ва дилбар байрамингиз билан яна бир бор табриклар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман. Фарзандларингиз ва яқинларингиз бахтига, элу юртимиз бахтига ҳамиша омон бўлинг, азизларим, меҳрибонларим!”, дейилади Президент табриги якунида.