Бир юз ўттиз беш баҳорни қаршилаётган Тўти момо Юсупова Россия телевидениесига интервью берди

Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида пиру бадавлат онахон – бир юз ўттиз беш баҳорни қаршилаётган Тўти момо ЮСУПОВА истиқомат қилади.

Яқинда жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари ҳам онахоннинг саломатлигини кўздан ўтказишди. Бу ҳақида шу йил 1 март куни Россиянинг «ЗВЕЗДА» каналида кўрсатув ҳам берилди.

Telegraf.uz сайтининг ёзишича, уч аср воқеаларига гувоҳ бўлган бу момонинг пешвози, чаққон ҳаракатларини кўриб, таажжубланади киши.

Замона зайли билан Тўти момо қисматига Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларининг оғир дамларини кўриш ҳам ёзилган экан.

— Биринчи уруш бошланганида икки фарзандлик эдим, – дейди момо. — Николай пошшанинг зуғумларини ҳам кўрди бу бошим. Колхозлаштириш даврини ҳам яхши эслайман. Нимасини айтай, фашизм деган бало ҳам бор экан, ундан халқ жуда эзилди, кўп азият чекдик. Умрим бўйи меҳнатдан ҳеч қочмадим. Доим ҳаракатда бўлганим учун ҳеч шифокорга ишим тушмади, касалланмадим.

— Момомизнинг саломатлиги ҳозир ҳам жуда яхши, — дейди овулдаги қишлоқ врачлик пункти шифокори Хонсулув Сафарова. — Ҳафтада икки-уч марта қон босимини ўлчаб, холидан хабар олиб тураман. Юрак уриши ўрта ёшдаги кишиларникидек бир маромда. Кўз тегмасин, ҳали бардам-бақувват.

Невара-Еваралари ардоғида бугунги дориломон даврнинг тўкин-сочинлигидан сармаст Тўти момо қўлини дуога очиб, шукрона айтади.

— Невара-Евара-ю, чевараларимнинг сонини билмайман, – дейди момо мийиғида кулиб. — Гоҳида уларнинг исмларини адаштириб қўйиб, ўзларидан сўрайман. Омон бўлишсин ишқилиб. Энг аввало, тинчликнинг қадрига этиш керак, дейман уларга. Дунёдаги энг улуғ неъматларнинг биринчиси инсонга берилган ҳаёт бўлса, иккинчиси тинчликдир.

Ҳозиргидек тўкин-сочинликни, эмин-эркинликни сира кўрган эмасман.

Мана шундай жаннатларга тенг юртимиздаги ободликни, бунёдкорликларни телевизорда кўриб, жуда қувонаман. Шундай ишларнинг бошида турган Президент боламга мингдан минг раҳмат айтаман. Яқинда эварам қўлида газета билан кириб келиб, биз кексаларни эъзозлаб чиқарилган Юртбошимизнинг қарорини ўқиб берди.
1340976895_tuti-yusupova-132-goda-pasport
Ҳеч замонда, кексаларни ҳурмат қилган, эъзозлаб бошига кўтарган ва уларнинг дуосини олган инсон кам бўлмайди.

Тўти момонинг умр дафтаридаги хотиралари сира тугамайди. Қайси даврдан савол берсангиз, бироз ўйланиб олгач, ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни бир-бир ҳикоя қила бошлайди. Ҳалолликни, бировнинг ҳақига хиёнат қилмасликни уқтиради. «Бир умр ҳалол яшадим. Ҳаромдан ҳазар қилинг, бировнинг ризқига шерик бўлманг». Тўти момонинг фарзандларига, бугунги ёшларга ўгити шундай. Ҳалолликда, покликда, нияти холисликда гап кўп.

Бежизга, «қари билганини пари билмайди», дейишмайди халқимиз.

SHARE