Apple “ақлли соатлари”ни омма эътиборига ҳавола этди

Apple компанияси ниҳоят ўзининг янги маҳсулоти Apple Watch — “ақлли соатлари”ни омма эътиборига ҳавола этди. Янги маҳсулот нархи 10 минг доллардан ҳам ошииб кетиши айтилмоқда.

Гап шундаки, компания истеъмолчиларга соатнинг турли кўриниш ва рангдаги вариантларини тақдим қилди. Бунда энг арзон соат 349 доллар, энг қиммати эса (олтин корпусга эга бўлади) эса 10 минг доллардан ошади. Энг қиммат русумдаги соатлар чегараланган миқдорда ишлаб чиқарилади. Шундай қилиб, “ақлли соатлар” Apple компанияси тарихидаги энг қиммат маҳсулот бўлди.

Apple Watch учун илова-дастурлар ҳам ишлаб чиқилди. Улар воситасида таксини чақириш, меҳмонхона хонасини ёки гаражни очиш мумкин. Ҳозирча ушбу қурилма учун ишлаб чиқилган илова-дастурлар сони ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Компания раҳбари Тим Кукнинг айтишича, соатнинг қуввати 18 соатга етади. Бу шу турдаги бошқа компаниялар маҳсулотларига қараганда камроқ. Бундан ташқари, соатдан мижоз давомида қандай фойдаланиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Apple Watch савдоси 2015 йилнинг 24 апрелидан бошланади. Маҳсулотни АҚШ, Австралия, Канада, Хитой, Франция, Германия, Гонгконг, Япония ва Буюк Британияда харид қилиш мумкин.

Худди шу куни компания янги MacBook лэптопини ҳам намойиш этди. Компания муҳандислари янги лэптопни юпқароқ, енгилроқ ва кичикроқ қилиб ишлашган. MacBookни ташқи қурилмалар билан боғлайдиган кўплаб портлардан воз кечилган. Масалан, фақатгина иккитомонлама USB-C порт ва наушниклар учун жой қолдирилган, холос. MacBook дисплейи диагонали эса 12 дюймдан иборат.

SHARE