Ангела Меркель Барак Обамани Украинага қурол-яроғ етказиб бермасликка кўндирди

АҚШ президенти Барак Обама ўтган ой Германия канцлери Ангела Меркель билан олиб борган мулоқотларидан сўнг Украинага қурол-яроғ етказиб бермасликка қарор қилган. Бу ҳақда Германиянинг Вашингтондаги элчисига таяниб, Associated Press хабар тарқатди.

“Иккала раҳбар ушбу масала юзасидан фикр алмашди ва ягона тўхтамга келишди. Унга мувофиқ, ҳозирги кунда ҳарбий қурол етказиб беришнинг маврида эмас”, деди элчи Associated Press мухбирига берган интервьюсида.

Элчининг сўзларига кўра, Обама Меркелнинг можарони ҳал қилишда дипломатик ва сиёсий саъй-ҳаракатларга имконият бериш кераклиги ҳақидаги фикрини қўллаб-қувватлаган.

Шундай бўлса-да, Associated Press мухбирининг ёзишича, Барак Обама маъмурияти Киевга қурол-яроғ етказиб беришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги масалани кўриб чиқиш зарурлигини уқтиришмоқда.

Барак Обаманинг маълум қилишича, АҚШ барибир ҳарбий қурол етказиб бериш имкониятларини ўрганиб чиқади. Бу қурол-яроғ, биринчи навбатда, мудофаа мақсадларида ишлатилиши керак.

Ўтган ҳафта АҚШ конгресси Вакиллар палатаси спикери Жон Бейнер Киевга ҳеч қандай шартларсиз қурол-яроғ етказиб бериш зарурлигини таклиф қилди. Буни икки партиянинг бир қатор вакиллари ҳам қўллаб-қувватлади.

Шундай бўлса-да, бир қатор Европа мамлакатларида, хусусан, Германия ушбу ташаббусга қаршилик кўрсатмоқда. Унинг фикрича, бу можаронинг кескинлашиб кетишига сабаб бўлади.