Тошкент супермаркетларида консерваланган ош сотувга чиқарилди

Тошкент шаҳридаги супермаркетлар савдо расталарида консерваланган “Тошкент палови” пайдо бўлди. Бу ҳақда “Подробно” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Ушбу ошни бозорга олиб чиқаётганларнинг таъкидлашича, палов таркибида консервантлар мавжуд бўлмаса-да, у анча муддат сақланади ва мазкур миллий таомга тааллуқли барча маза-таъмни ўзида мужассам қилган.

Хабарда айтилишича, истеъмолчиларда консерваланган ошга катта қизиқиш уйғонди. Чунки кимдир ундан татиб кўришни истаётган бўлса, яна кимдир уни хориждаги танишларига юбориш ҳақида ўйламоқда.

Шуни айтиш керакки, “Тошкент палови” Ўзбекистондаги машҳур савдо тармоғи — Korzinka.uz супермаркетларида пайдо бўлди. Айтишларича, янгилик ташаббускорлари реклама акцияси доирасида ошдан бепул тановвул қилишга рухсат беришмоқда. Бунинг учун фақат савдо марказига борилса, бас.

“Тошкент палови” 670 граммлик ва 335 граммлик идишда сотувга чиқарилган бўлиб, улар тегишинча 22 минг 77 сўм ва 11 минг 700 сўмдан белгиланган.

SHARE