Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Тошкентда дафн қилинди

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини сўнгги манзилга кузатиш маросими Тошкент шаҳрининг Кўкча даҳаси “Шайх Зайниддин” жомеъ масжидида ўтказилди. Жаноза маросимида республикамизнинг турли вилоятлари ва бошқа юртлардан ташриф буюрган тахминан 200 000 киши иштирок этди. Бу ҳақда qadriyat.uz сайти хабар тарқатди.

Жаноза намозига ташриф буюрганлар сафи жомеъ масжидидан ташқарига чиқиб, 1 километргача чўзилган. Зиёратчилар зичлигидан елкага сажда қилинди.

Хабарда айтилишича, Тошкент вақти билан 12:30 да пешин намозига азон айтилди. Намоз адо этиб бўлингандан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳамдардлик изҳор қилиб, Шайх ҳазратларининг қилган ишлари ҳақида нутқ сўзлади. Жаноза намозини Шайх ҳазратларининг ўғли Исмоилхон Муҳаммад Юсуф адо этди.

Бутун дунё бўйлаб Шайх ҳазратлари ҳақига 300 дан ортиқ хатми Қуръонлар қилингани маълум қилинди.

SHARE