ШҲТ кимнинг лойиҳаси?

Россияда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг экспертлар форуми бўлиб ўтмоқда. Унда 13 та мамлакат экспертлари савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ташкилотнинг кенайиши масалалари муҳокама қилинмоқда. Экспертларнинг фикрича, жорий йилнинг ёзида Покистон ва Ҳиндистон ШҲТнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланиши мумкин.

Шуни қайд этиш керакки, таркибида олтита (Россия, Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон) тенг ҳуқуқли аъзоси ва 5 та (Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Монголия ва Покистон) кузатувчиси бўлган мазкур ташкилотнинг фаолияти асосан иқтисодий ва гуманитар соҳаларни қамраб олади. Ҳамкорликнинг асосий йўналиши учта қабоҳат — терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш бўлиб қолмоқда.

“Вазиятни беқарорлаштирувчи омилларга қарши ШҲТнинг иммунитетини мустаҳкамлаш бўйича коллектив саъй-ҳаракатларни кучайтириш талаб қилинади”, деди форумда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Игорь Моргулов. Унинг фикрича, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада терроризм уясининг ҳаддан ташқари фаоллашуви, шунингдек, “Украинадаги кескинликнинг сақланиб қолиши” айрим давлатларнинг халқаро ҳамжамиятни ўз йўриғига юрдиришга уриниши оқибати саналади.

Хавфсизлик ва гуманитар ҳамкорлик масалаларида форум иштирокчилари якдил бўлса-да, савдо-иқтисодий ҳамкорлик масаласида етарли даражада ўзгаришлар йўқлиги таъкидланмоқда. “Шуниси тушунарлики, ўз ички бозорини ҳимоя қилиш, миллий қонунчилик ва ўзаро уйғунлик масалаларида қатор тўсиқлар мавжуд”, деди МГИМО ректори Анатолий Торкунов. Унинг фикрича, минтақада амалга оширилаётган интеграция лойиҳаларидаги тўсиқлар ҳам шундан далолат беради.

Қирғизистонлик эксперт Нодир Мўминовнинг қайд этишича, ШҲТ доирасида биронта халқаро лойиҳа амалга оширилгани йўқ. “Бир жойда депсиниб қолмаяпмизми, деган тасаввур пайдо бўлади”, деди у.

“Биз анчадан бери ШҲТ доирасида реал кўптарафлама иқтисодий ҳамкорликни бошлашни тавсия қилиб келамиз”, деди россиялик эксперт Александр Лукин. Унинг фикрича, ўзаро келишиб иқтисодий сиёсатни олиб бориш жуда ҳам мураккаб вазифадир. Пекин ШҲТда ҳамкорликдан манфаатдор ва бу мақсадда сезиларли миқдорда маблағ ажратмоқда. Аммо молиялаштиришнинг ягона механизми бўлмагани сабабли иккитомонлама шартлар асосида бу ишни амалга оширишга мажбур бўлмоқда. Масалан, айрим мамлакатларга инфратузилмани ривожлантиришга кредитлар ажратмоқда. “Москва эса, агар ШҲТ банки ташкил қилинса, у фақатгина Хитой томонидан назорат қилинишидан хавотир олмоқда. Натижада Хитой шунчаки Россияни бу жараёндан чиқариб ташлайди. Марказий Осиёда кўптарафлама иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболлари сароб бўлиб чиққач, Пекин бу йўналишда иккитомонлама ҳамкорликка эътиборни кучайтиради. Ўзининг Ипак йўли иқтисодий белбоғи дастурини янада фаол илгари суришга киришади”, деди Лукин.

Форум экспертларининг хулоса ва тавсиялари “ШҲТ-2025” стратегиясини ишлаб чиқишда фойдаланилади. Ушбу ҳужжат лойиҳаси жорий йил июль ойида Уфада бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитигача тайёр бўлиши керак. Хабарларда қайд этилишича, ушбу саммитнинг асосий янгилиги Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга қўшилиши бўлиши мумкин. Хусусан, Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Игорь Моргулов Россиянинг ШҲТдаги раислиги давридаги муҳим вазифалардан бири ташкилотнинг кенгайиши жараёнини бошлаш ҳисобланишини таъкидлади.

Шундай бўлса-да, Хитой тарафи Ҳиндистоннинг ташкилотга қўшилиши бўйича ҳали ўз позициясини билдиргани йўқ. Лукиннинг фикрича, “Хитой ШҲТни Хитой, ҳеч бўлмаганда, Хитой-Россия лойиҳаси, деб билади. Пекин нуқтаи назарида Ҳиндистоннинг ташкилотга қўшилиши Хитойнинг ташкилотдаги етакчилигига таҳдид ҳисобланади. Аммо бунинг учун расмий тўсиқ мавжуд эмас. Айрим тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Пекин Ҳиндистон ва Покистоннинг бир вақтнинг ўзида қўшилишини қўллаб-қувватлашга тайёр”.

Экспертларнинг фикрича, ташкилотга қўшилиш жараёни бирмунча мураккабдир. “ШҲТнинг кенгайиши масаласи, шак-шубҳасиз, яқин вақт ичида кўриб чиқилиши мумкин. Аммо қўшилиш жараёни ШҲТга аъзо-давлатлар раҳбарлари сиёсий қарор қабул қилинганидан ҳамда даъвогар-давлатнинг ШҲТ доирасида қўлланиладиган 28 та шартнома ва битимларга ҳеч қандай истисносиз қўшилганидан сўнг бошланади”, деди ШҲТ бош котиби Дмитрий Мезенцев.

Яна бир масала. Айрим маълумотларга кўра, жорий йилда ташкилот сафи янада кенгайиши мумкин. Масалан, Суриянинг Россиядаги элчиси Риёд Ҳаддоднинг сўзларига қараганда, мамлакат шу йилнинг ўзидаёқ Шанхай ҳамкорлик ташкилотида кузатувчига айланиши мумкин. Бу ҳақдаги қарор ШҲТнинг Уфада бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитида қабул қилиниши мумкин. Ҳаддоднинг айтишича, Сурия илгари ҳам ташкилот қошида кузатувчиликка ўз номзодини кўрсатган. “Ҳа, биз кузатувчиликка талабнома юборганмиз. Бизга маълум қилишларича, навбатдаги саммитда бу масала ижобий ҳал қилинади”, деди элчи.

SHARE