Нурсултон Назарбоев президент сайловида иштирок этади

Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоев шу йилнинг апрель ойида муддатидан олдин бўлиб ўтадиган президент сайловида иштирок этади. У бу ҳақда “Нур Отан” партиясининг навбатдаги қурултойида маълум қилган. Бундан аввалроқ, Назарбоевда “умуман бошқа шахсий режалари” бўлган. Аммо ватандошларидан келиб тушган минглаб мактублар янги муддатга ўз номзодини кўрсатишга ундаган.

“Эришган муваффақиятларимиз асосида биз давлатчилигимизни мустаҳкамлаш учун олдинга интилишимиз керак. Шунинг учун ҳам мен бу ерга келиб, сизнинг олдингизда сўзлар эканман, менинг номзодимни кўрсатиш тўғрисидаги таклифингизга розилик билдираман”, деди Нурсултон Назарбоев.

Шуни қайд этиш керакки, навбатдан ташқари сайловлар 26 апрель куни бўлиб ўтади. Унда 14 нафардан ортиқ номзод иштирок этиш ниятини билдирган.

Нурсултон Назарбоевнинг айтишича, у аввалига кейинги муддатга ўз номзодини кўрсатиш ниятида бўлмаган. “Очиғини айтсам, менинг шахсий режаларим умуман бошқа эди. Гўзал мамлакат Сингапур асосчиси Ли Куан Ю (мен уни яхши танийман) ҳокимиятдан кетганида, ундан бунинг сабабини сўраганман. У шундай деб жавоб берган эди: “31 йил мамлакатни бошқардим ва охирги пайтлар ўзимни телевизорда кўрганимда, ўзимга ўзим ёқмай кетдим”, деди Назарбоев.

Эслатиб ўтамиз, Нурсултон Назарбоев 2010 йилги сайловда 95 фоиздан ортиқ овоз олган эди.