Тошкент метросида мобиль алоқа ишлайдими?

Ўзбекистондаги энг йирик алоқа операторларидан бири “Билайн” пойтахт метрополитенида ўз абонентларини мобиль алоқа билан таъминлаш режасини амалга оширишни мўлжалламоқда.

Бу ҳақда finance.uz сайти комраниянинг тижорат директори Максим Евремовга асосланиб хабар тарқатди. Компания вакили ушбу режани амалга оширишнинг аниқ муддати ҳақида тўхталиб ўтмади. Унинг фикрича, ушбу масала бирмунча мураккаб жараён ҳисобланади.

Метрога мобиль алоқани олиб кириш ушбу масаланинг техник тарафдан ҳал қилиниши, қўшимча жиҳозларни ўрнатиш, тармоқни кенгайтириш ва ривожлантириш билан боғлиқ эмас, балки метро стратегик ва қўриқланадиган иншоот бўлгани учун мушкул масаладир.

Шунга қарамай, компания вакилининг сўзларига кўра, улар ҳозирча аниқ чизмасига эга бўлмаган ушбу лойиҳани амалга оширишга ҳаракат қилиб кўришади.

Шуни қайд этиш керакки, “Билайн” Ўзбекистонда ўз тармоғини ривожлантиришга 79 миллион доллар миқдорида инвестиция киритди. Мобиль алоқа оператори абонентлари сони 10,593 миллион нафарни ташкил қилади. Компаниянинг соф амалиёт даромади 2014 йилда 718 миллион долларни ташкил қилди.