Россияда юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 14 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди

15 март куни кеч соат 23.00да Брянск вилояти “Брянск—Новозибков” трассасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, Mercedes-Benz Sprinter микроавтобуси Renault юк автомобили билан тўқнашиб кетган. Вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, микроавтобусда 19 киши, шу жумладан, ҳайдовчи бўлган.

Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида 14 йўловчи, ҳайдовчи ҳалок бўлди, тўрт киши тан жароҳати олган. Уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.

Хабарларда айтилишича, уларнинг барчаси Украина билан чегара пунктидан Россияда бўлиб туриш учун паспортига тегишли чегара пункти муҳрини қўйдириб, қайтаётган бўлган. Юк автомобили ҳайдовчисига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган, уни касалхонага ётқизиш зарурати бўлмаган.

Россиянинг Lifenews телеканали ҳалок бўлганлар исм-фамилиясини эълон қилган.