Ўзбекистон парламентида сайловда энг кўп депутатлик ўрнини олган иккита партия коалиция тузди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтган йили декабрда бўлиб ўтган сайловда энг кўп депутатлик ўрнини қўлга киритган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари “Демократик кучлар блоки”ни тузишди. Эслатиб ўтамиз, парламент сайлови натижаларига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан 52 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 36 нафар депутат сайланган эди. Уларнинг умумий сони 88 нафарни ташкил қилади ва мутлақ кўпчиликни ҳосил қилмайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, икки партия фракциялари “иқтисодий, сиёсий, гуманитар ва суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга доир энг муҳим масалалар юзасидан ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” ДП нуқтаи назарлари ҳамда дастурий мақсадларининг яқинлигини эътиборга олган ҳолда, шунингдек мамлакатни модернизация қилиш ва жамиятни демократик янгилаш вазифаларини самарали рўёбга чиқаришда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида” Қонунчилик палатасида парламентдаги кўпчиликни ташкил этувчи “Демократик кучлар блоки”ни тузиш тўғрисида қарор қабул қилган.

“Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 2-моддаси блокни ташкил этиш учун ҳуқуқий асос бўлиб, унда бир нечта сиёсий партиялар фракциялари ўз дастурий мақсад-вазифаларининг яқинлигидан ёки ўхшашлигидан келиб чиққан ҳолда парламент кўпчилигини тузиши мумкинлиги назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишлари дастурини самарали ижро этишни “Демократик кучлар блоки”нинг асосий мақсадлари сифатида белгилаб олинган.

“Демократик кучлар блоки” икки партия фракциялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битим асосида амал қилади. Блокка бирлашган партия фракциялари масалаларни олдиндан муҳокама этиш ва улар бўйича якдил нуқтаи назарни ишлаб чиқиш билан бир қаторда ўз дастурий мақсад-вазифаларига мувофиқ фаолият кўрсатиш ҳуқуқини ҳам сақлаб қоладилар.