“Ислом давлати” террористик ташкилотига ёрдам берганликда айбланаётган шахслар судда айбларни инкор қилишди

Жума куни Нью-Йоркдаги судда “Ислом давлати” террористик ташкилотига қўшилишга ҳаракат қилган уч нафар шахс — Ўзбекистон фуқаролари Абдурасул Жўрабоев, Аброр Ҳабибов Қозоғистон фуқароси Аҳрор Саидаҳметов уларга қўйилаётганлар айбларни тан олишмади. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар тарқатди.

Улар ўтган ойда террорчиларга моддий ёрдам кўрсатиш учун тил бириктириш ҳамда ёрдам беришга уриниш айби билан АҚШ хавфсизлик хизмати вакиллари томонидан қўлга олинган эди. Саидаҳметов ва Ҳабибов қурол-яроғ ишлатиш учун тил бириктириш, Саидаҳметов, шунингдек, сафар ҳужжатларини қалбакилаштиришда айбланмоқда.

Ҳукумат вакилларига кўра, ушбу шахслар ўтган йилнинг ёзидан “Ислом давлати” террористик ташкилоти учун жангга кириш ҳақида гапира бошлашган. Саидаҳметов Сурия чегарасигача бориш ва террористик ташкилотга қўшилишни ният қилган эди. Аммо у Туркияга отланаётганда, аэропортда қўл олинди. Жўрабоев ҳам Туркияга бориш учун чипта харид қилган эди. Прокурорларга кўра, Ҳабибов уларга сафарни ташкил қилиш ва молиялаштиришда ёрдам берган.

Бруклин Федерал судида бўлиб ўтган эшитувда прокуратура ходимлари аксарият далиллар ўзбек тилида эканлигини қайд этишган. Жўрабоев таржимон хизматидан фойдаланмоқда. У айбсиз эканлигини маълум қилди.

Саидаҳметовнинг онаси ҳам суд мажлисида иштирок этиб, бошдан охиргача йиғлаб ўтирди, деб ёзади The New York Times мухбири. Прокуратура вакилларига кўра, она аввалбошданоқ ўғлидаги экстремизм кайфияти кучайиб бораётганидан хавотир олиб, унинг паспортини олиб қўймоқчи бўлади. У, шунингдек, Саидаҳметов ва Жўрабоев турган квартиранинг ижара шартномасини ҳам ўзи билан олган.

Саидаҳметовни мактабни тамомлаши биланоқ АҚШга келганини судда маълум қилган. У Нью-Йоркда академик лицейга қатнай бошлайди ва уни тамомламайди. У судьянинг биринчи айблов бўйича, яъни террористларни моддий қўллаб-қувватлаш учун тил бириктиришни тан оласанми, деган саволига “Менинг сизга айтадиган гапим йўқ”, деб жавоб берган ва ўзининг айбсизлигини маълум қилган.

Ҳабибов эса Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида бакалаврни тамомлаган. Унинг адвокати мижози далиллардан “шокка ва ҳайратга тушган”лигини қайд этди. Саидаҳметовнинг адвокати эса у қонунга хилоф ҳеч қандай иш билан шуғулланмаганлигини қайд этган.

SHARE