АҚШ элчихонаси электрон тизимдаги муаммолар сабабли виза беришни кечиктириши мумкин

Бутун дунё бўйлаб АҚШ элчихоналари ва консулхоналарида виза бериш ва электрон корреспонденцияларни ишлаш кечикиши мумкин. Бу ҳақда АҚШнинг Россиядаги элчихонаси хабар тарқатди.

“АҚШнинг дунёдаги барча элчихона ва консулликлари ҳозирги кунда олиб борилаётган профилактика ишлари туфайли техник қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу виза ва электрон корреспонденцияларни ишлашда кечикишларга сабаб бўлиши мумкин”, дейилади элчихона хабарида.

Элчихона ушбу ҳафтада талабалик ва ўзаро тажриба алмашинуви дастурлари доирасида виза олиши учун (F, M ёки J визлар) суҳбатга кириши лозим бўлган фуқаролардан SEVIS йиғим тўловини тасдиқлайдиган ҳужжатларни ўзи билан олиб юришни тавсия қилган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ушбу масалада ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам, расмий сайтида ҳам изоҳ бермаган.