Бруклинда Наврўз байрами нишонланди

Шу йилнинг 15 март куни Нью-Йоркнинг Бруклин туманида янгиланиш ва яшариш айёми — Наврўз нишонланди.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон вакиллари, ушбу мамлакатларнинг Нью-Йоркдаги консулхоналари ходимлари, Бруклин тумани расмийлари иштирок этди.

Наврўз байрамида меҳмонларга туркий халқларнинг миллий рақс ва қўшиқларидан тақдим қилинди, дастурхонга баҳорий миллий таомлар тортилди.

Бруклин тумани ҳокимияти томонидан ташкил этилган тадбирда Бруклин ҳокими Эриc Адамс нутқ сўзлаб, барчани Наврўз байрами билан табриклади, бундан кейин Марказий Осиё миллий жамиятлари билан яқиндан ишлашини айтди.

Тадбирда, шунингдек, “Ватандош” Ўзбекистон — Америка жамияти раҳбари Фарҳод Султонов сўзга чиқиб, меҳмонларни Наврўз айёми билан қутлади. У БМТ Бош Ассамблеяси ушбу байрамни халқаро Наврўз куни байрами сифатида тан олгани ҳақида гапириб, яқин кунларда ушбу байрам Нью-Йорк штатида ҳам расмий байрам сифатида нишонланишига умид билдирди.

Фарҳод Султонов ушбу байрамни ташкил қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун Раъно Аббосова, Наржан Музапберова, Асия Қалендароваларга алоҳида миннатдорлик билдирди.